Ғаффорлиғ унинг фазилати эди

Ҳазрат Алишер Навоий мисраларидаги Аллоҳнинг исмларидан бири бўлган “Ғаффор” - шавкатли, кечиримли маъноларини беради. Исмлар фарзандларга Яратганнинг хоҳиши билан қўйиладими ёки қўйилган исм кейинчалик инсоннинг тақдирини белгилайдими? Буни билмадиму, аммо Ғафуржон Маҳмудовнинг отаси Маъруфий домла севимли фарзандига танлаган бу исм дўстимизга мос, узукка кўз қўйгандай ярашиб турганлигини ҳаммамиз барчамиз сезиб турганмиз.

Ғафуржон исми жисмига монанд инсон эди. Меҳр шафқатли, кечиримли бўлиш айтишга осон. Аслида, бу улуғ фазилатларнинг душмани бўлган жаҳолат ҳамиша уларга қаршилик кўрсатиб, инсон шахсиятидаги «мени»ни юзага чиқаришга ҳаракат қилаверади. Фақат оқил ва кучли инсонларгина уни сабр-бардош билан енгади. Бунинг учун кишидан ақл-заковат талаб қилинади. Ўйлаб қарасам, дўстимизда ушбу фазилатларнинг барчаси мужассамлашган экан.

Ғафуржон ғоят хушмуомала, хушлутф, хуштавозе, камтар ва ҳоксор инсон эди. Ўттиз йилдан ортиқ ўзаро дўстлик, оилавий борди-келдилар қилган бўлсак, бирон марта жаҳли чиққанини эслай олмайман. Феълимдаги кескинликка, жиззакиликка чидаш осон эмас, аммо Ғафуржон чидарди, «қўяверинг, буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади», деб қўярди.

У университетнинг илмий бўлимида ишларди. Ишхонамиз ёнма-ён эди. Деярли ҳар куни кўришардик. Кейинчалик Самарқанд давлат университети тожик филологияси факультетига деканликка тайинланди. Факультет обрўсини кўтарадиган, нуфузини оширадиган катта ташкилотчилик ва маънавий-маърифий ишларни амалга оширди, республикага танилишига ҳисса қўшди. Тожикистондан таниқли олимларни, академикларни ишга таклиф қилди.

Вақт ўтиб, «Овози Самарқанд» газетаси муҳаррирлигига ўтди. Газетанинг ўқувчилари сонини кўпайтирди, салоҳиятли шогирдлар тайёрлади. Юртбошимиз назарига тушди, ҳукумат мукофотларига сазовор бўлди, депутат сифатида катта минбарларда халқ манфаатини ҳимоя қилди.

Яратувчилик, ташкилотчилик ва жамоатчилик ишларидан ортиб, илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланди. 1999 йилда «Жадид адабиётида миллий истиқлол мавзуси» монографиясини нашр эттирди.

Бир умр илм-маърифат ичида юрган ва ундан озиқланган Ғафуржон Самарқанд зиёлиларининг ёрқин намунаси эди. Академик Ботирхон Валихўжаев ҳам унинг ҳалимлиги, одамларга меҳрибонлиги ҳақида гапириб юрарди. «Қуш уясида кўрганини қилади» деганидек, Ғафуржондаги бу хислатларни отаси Маъруфий домладан юққанди. Қолаверса, қайнотаси Насруллохон домла ҳам уннинг салоҳияти юксалишига ҳисса қўшди.

Дўстим бугун ҳаёт бўлганида барчамизга манфаатли ишларни бажарган бўларди, дея армон қиламиз. Ўзи яратган улкан қўрғонда соялашга, эккан дарахтларининг ҳосилидан баҳраманд бўлишга улгурмагани, машаққатли меҳнатининг роҳатини кўриб-кўрмай ҳаётдан кўз юмганига афсусланамиз.

Ғафуржон билан охирги суҳбатимиз бир яқинимизнинг тўйида бўлганди. Эртароқ келган эканмиз, яхшигина суҳбатлашдик, масалаларимизни ўзимизча «ҳал қилдик». Аммо бир ой ўтмасдан унинг бизни тарк этиши хаёлимга ҳам келганмас. Тошкентга бориб келгач, яна учрашмоқчи эдик. Дийдор қиёматга қолди...

У халқимиз маънавияти юксалиши учун қўлидан келган барча ишни қилди. Ўзининг феъли-атвори, хатти-ҳаракати билан барчамизга ўрнак бўлди. Келин билан солиҳ фарзандлар тарбиялади. Азизжон, Акбаржон, қизлари ота-онаси тарбиясини оқлаб вояга етди, жамиятда ўрнини топдии, иззат-ҳурмат қозонмоқда.

Дўстимнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

Суюн КАРИМОВ,

СамДУ профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.