"Zirabuloq paxta tozalash" акциядорлик жамияти ихтиёрий тугатилади
"Zirabuloq paxta tozalash" акциядорлари 6 май куни жамиятни ихтиёрий тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.
Жамият Нарпай туманида жойлашган бўлиб, пахта-тўқимачилик кластерлари тизимида «Мароқанд Сифат» МЧЖ билан боғланган корхоналар қаторида кўрсатилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларида корхона таъсисчиси сифатида "Agrobank" қайд этилган бўлиб, ҳозирда унинг ҳолати «ихтиёрий тугатиш жараёнида» деб маълум қилинган.
Қизиғи, корхона номи аввалроқ солиқ қарздорлиги билан боғлиқ янгиликларда қайд этилган. Масалан, 2019 йилда заводдан Нарпай тумани солиқ идораси фойдасига 3,79 млрд сўм, 2020 йилда эса яна 1,3 млрд сўм солиқ қарздорлиги ундирилган.
2022 йилда жамият балансидаги айрим мол-мулкларнинг бозор қийматини аниқлаш бўйича баҳолаш ташкилотлари ўртасида танлов ҳам эълон қилинган.
Тугатиш комиссияси раиси этиб жамият бош директори Ўткир Эшмирзаев белгиланган. Очиқ маълумотларга кўра, у 2022 йилда "Zirabuloq paxta tozalash" АЖ ижро органи раҳбари этиб тайинланган.
Комиссияга жамият активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказиш, кредиторларни хабардор қилиш, мол-мулкни баҳолаш ва сотиш, ҳисоб-китоблардан кейин қолган мол-мулкни акциядорлар ўртасида тақсимлаш вазифалари топширилган.