102 ёшли Аҳад Очилов уруш даҳшатини кўрган Самарқандда ягона фахрий

Гап Иккинчи жаҳон уруш қатнашган, бугун ҳам ҳаёт бўлган самарқандлик 102 ёшли Аҳад бобо Очилов ҳақида. Унинг ҳаёти – жасорат, сабр ва матонат тимсоли. Отахоннинг ҳар бир хотирасида урушнинг даҳшати, инсон иродасининг қудрати ва тинчликнинг беқиёс қадри мужассам.

– Мени ҳарбий хизматга чақиришганда 17 ёшда эдим, – дейди Аҳад бобо. – Ўша баҳор куни Самарқанд туманидаги собиқ “Москва” жамоа хўжалиги даласида меҳнат қилиб юргандим. Бир пайт отлиқ икки киши келиб қолди.

– Сен Аҳад Очиловмисан? – деди улардан бири.

– Ҳа, менман, – дедим.

– Биз билан борасан. Сени ҳарбий комиссариат кутяпти.

Мен уйга кириб, оёқ кийим ва пиджак олишга, ота-онам билан хайрлашиб чиқишга рухсат сўрадим.

– Ўзимиз айтамиз, – деди улардан бири қамчисини кескин силтаб. – Буйруқ бажарилади!

Шу тариқа ёш Аҳад беш-олти чақирим йўлни ялангоёқ босиб ўтишга мажбур бўлади. Ҳарбий комиссариатда эса ҳатто, ёши ёки яшаш манзилини ҳам суриштиришмайди – исм-шарифини ёзиб олиб, темир йўл вокзалига жўнатишади. Яхшиямки, поезд юришидан олдин отаси етиб келиб, ўғлини дуо қилиб кузатади.

– Отамнинг ўша дуоси ижобат бўлиб, Яратган мени уруш давомида асраб келган бўлса керак, – дейди отахон кўзлари намланиб.

Икки кунлик машаққатли йўлдан сўнг улар юк поездида Туркманистон пойтахти Ашхободга етиб келишади.

– Пиёда шаҳар чеккасигача юрдик. У ерда ҳарбийлар кутиб турган экан. Ҳаммомнинг бир эшигидан кириб, иккинчи эшигидан ҳарбий кийимда чиқдик. Шу заҳотиёқ болалик ортда қолганини ҳис қилдим, – дейди Аҳад бобо.

Аҳад Очилов Иккинчи Украина фронти таркибида хизмат қилади. У Руминия ва Венгрия ҳудудларидаги оғир жангларда, шунингдек Чехословакияни озод қилиш бўйича Прага амалиётида иштирок этади.

Ғалаба ҳақидаги хушхабарни улар Германия ҳудудида қарши олишади.

Кўпчилик ҳарбийлар уйига қайтарилган бўлса-да, Аҳад Очиловни полк қўмондони, подполковник Разимов ўз ёнида қолдиради.

– Рус тилини яхши биларкансан, деб мени ёрдамчи қилиб тайинлади. Шу тариқа мен Германиянинг Виттенберг шаҳрида 1950 йилгача хизмат қилдим, – дейди у.

Бироқ юртга қайтиш ҳам осон кечмади. У туғилиб ўсган қишлоғига қайтгач, онасининг вафот этгани, отаси оғир хасталикка чалинганини эшитади.

– Отам, бир укам ва икки синглим жуда оғир шароитда яшаб келаётган экан. Самарқанд давлат университетида таҳсил олдим. Ишладим, рўзғорни тикладим. Икки синглимни узатдим, укамни уйлантирдим. Ўзим ҳам оила қурдим. Бугун эса қарийб 100 нафардан зиёд невара-эваралар қуршовидаман, – дейди отахон шукроналик билан.

Аҳад Очилов 52 йил давомида мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берди. Юзлаб шогирдлар тарбиялади. Унинг ҳаёт мактаби ҳам, меҳнат фаолияти ҳам ёшлар учун ибрат намунасидир.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида отахоннинг уйидан меҳмон аримайди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, талабалар ва ўқувчилар тез-тез хабар олиб туришади. Хусусан, “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман бўлимлари вакиллари ҳам келиб, жамғарма томонидан ажратилган пул мукофотини топширишди.

Биз борган куни Самарқанд давлат архитектура – қурилиш университети ўқитувчи ва талабалари, шунингдек “Жасорат” мактаби ўқувчилари отахон ҳолидан хабар олиш учун келган экан.

– Узоқ умр кўришингизнинг сири нимада? – деб сўради ёшлардан бири.

Аҳад бобо табассум қилди.

– Спорт, интизом ва овқатланишда меъёрни сақлашда, болам. Меъёр – саломатликнинг энг ишончли посбони. Жисмоний меҳнат инсонни чиниқтиради. Инсон ўзини ҳалокатга етаклайдиган одатлардан узоқ юриши керак. Ҳар куни ҳаракатда бўлган одамнинг танаси ҳам, руҳи ҳам бақувват бўлади, – деди у.

Суҳбат сўнгида Аҳад бобо чуқур хўрсинди.

– Урушнинг ҳар бир дақиқаси даҳшат эди, , – деди у. – Унинг номи ўчсин. Бугунги тинч ва осуда кунларнинг қадрига етайлик. Ҳозир тўкин-сочинлик, фаровонлик даври. Давлатимиз нуронийларга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, Президентимиз биз каби уруш қатнашчиларини доим эъзозлаб келмоқда. Ҳар йили мукофотлар бериляпти, тадбирларга таклиф этиляпмиз. Ўтган йили пойтахтда Президент билан ҳам учрашдик. Дуо қилдик – юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнасин.

Ҳа, бу каби нуронийлар – тирик тарих. Улар кўрган кунларни китоблардан ўқиб англаб бўлмайди. Аҳад бобо каби инсонларни асраш, қадрлаш ва уларнинг ҳаёт йўлини ёш авлодга етказиш – барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Чунки тинчликнинг ҳақиқий қадрини урушни кўрганлар яхши билади. Уларнинг дуоси, ҳаёт сабоғи ва ибратли умри юртимизга барака ва файз бағишлаб турсин.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).