Самарқанднинг асосий кутубхонасига раҳбар тайинланди

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, шаҳар ва туман ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари иштирокида тизим ходимлари учун йиғилиш ўтказилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева олиб борган йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

Ушбу маскан - Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида узоқ йиллардан буён раҳбар ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Наргиза Саидмуродова марказ раҳбари этиб тайинланди.

- Самарқанд маънавий муҳитида вилоятдаги асосий кутубхонанинг аҳамияти катта, - деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Мамлакат миқёсида Самарқанд вилоят кутубхонаси фаолияти, ундаги шарт-шароитларга кўра топ учталикка киради. Яъни, қайсидир маънода ушбу кутубхона ҳудуддаги маънавий жараёнларни, китобхонликка бўлган мамлакат миқёсидаги эътибор натижаларини кўриш мумкин. Бугун мамлакатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан китобга, кутубхона тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Самарқанд салоҳияти, бу ерда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда кутубхоналар рейтингини, ундаги ходимлар даражасини ошириб боришда кўплаш ишлар амалга оширилиши керак.

Тадбир давомида бугун кутубхона тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, ходимлар олдидаги вазифалар хусусида аниқ фикр ва тушунчалар бериб ўтилди.