Экспорт — Ўзбекистонни бойитаётган куч, фаровонликка олиб борадиган йўл ҳам шу
Тадбиркор бўлганим учун иқтисодий тараққиётнинг жаҳондаги барча тажрибалари билан қизиқиб юраман.
Шу сабабли айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтисодиётимизда юз бераётган янгиликлардан қалбим қувончга тўлади. Айниқса, Ўзбекистонда экспортнинг ўсиб бораётгани белимизни бақувват, кўнглимизни чароғон қилмоқда.
Бир нарсага ишонч ҳосил қилдимки, тараққий этган давлатлар фақат экспорт ҳисобига бойимоқда. Бизда ҳам айнан ана шу сиёсат тизимга айланяпти. Экспорт бу – шунчаки маҳсулотни бошқа бир давлатга сотиш эмас. Чунки дунё бозорини осонгина эгаллаб бўлмайди, ҳатто унга киришнинг ўзи мушкул.
Экспорт, аввало, бу жараёнга илмий ёндашишни талаб этади. Ерни, маҳсулотни, хомашёни дунё бозорига тайёрлаш учун нафақат тизим, балки жуда катта илмий салоҳият керак. Ўзбекистон ана шундай имкониятларга эга ўлка.
Вилоятимизда 2025 йилда 1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу борада 2017 йилга нисбатан 5 баробар ўсишга эришдик. Айнан ана шу даврда экспорт қилувчи корхоналар ҳам, маҳсулотлар сони ҳам ва уни қабул қилувчи давлатлар сафи ҳам кенгайди. Мисол учун, бизнинг концерн таркибидаги корхоналар 2017 йилда бор-йўғи 8 турдаги маҳсулотни 7 давлатга (уларнинг ҳам учтаси қўшнилар) экспорт қилган. Ўтган йили эса Германия, Россия, Грузия, Украина, Чехия, Афғонистон, Польша, Қирғизистон ва Тожикистонга қарийб 70 миллион долларлик 15 турдаги маҳсулот экспорт қилинди.
Бир пайтлари биз учун орзу бўлган текстиль маҳсулотларининг экспорти ҳам кундан-кунга ортиб боряпти. Пахта, пилла каби хомашёлар ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлса-да, улардан тайёрланган маҳсулотлар мутлақо четга чиқарилмаган. Негаки, биздаги фабрикаларнинг ускуналари жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот тайёрлай олмаган. Бугун эса биргина бизнинг «ЗАРАФШОН-ТЕКСТИЛ» масъулияти чекланган жамиятимизда тайёрланаётган кийимлар Россия, Польша ва Чехияга экспорт қилинмоқда. Кейинги икки йилда маҳсулотлар тури бештага кўпайди, бозоримизнинг 35 фоизини Германиядек тараққий этган давлат харидорлари ташкил этяпти.
Жомбой туманида жойлашган «OHALIK OLTIN BOG‘I MEVASI» масъулияти чекланган жамиятимиз 2018 йилдан буён мева-сабзавот экспорти билан шуғулланади. 2020 йилдан бошлаб эса биз мева-сабзавотларни қайта ишлаб, уларни консерваланган ва музлатилган ҳолда экспорт қилишни бошладик. Ўтган йилнинг ўзида Грузия, Қирғизистон, Польша, Украина ва Чехияга 50 миллион долларлик маҳсулот сотдик.
Давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга бормасин, энг аввало, сармоядорлар билан суҳбатлашяпти. Мамлакат ичкарисида эса инвестициявий жозибадорликни таъминлаш чораларини кўряпти. Бу бежиз эмас. Ўзбекистон қайта ишлаш учун жуда катта хомашёга эга минтақа. Айниқса, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар қадри баланд. Шунинг учун ҳам биз уларни дунё бозорига мослаб етиштириш йўлларини қидиряпмиз. Бунинг учун ўсимликнинг ҳужайрасидан кўпайтирадиган ин-витро лабораторияси ташкил этганмиз. Биз яратаётган янги навлар ўзимизнинг тупроқ ва иқлим шароитимизга мослаштирилган, серҳосил ва турли касалликларга чидамлидир. Хориждан келтирилаётган ин-витро кўчатларининг ҳаммаси ҳам бизга мос, деб бўлмайди. Ҳатто айримлари қисқа вақт ҳосил бериб, қуриб қолмоқда.
Яқинда Самарқанд давлат университети раҳбарияти ва олимларининг мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавотни хорижга жўнатишдан олдин синовдан ўтказиладиган лаборатория олаётганини эшитиб хурсанд бўлдим. Бу ишни ҳозиргача баъзан хорижда, баъзан эса Тошкентдаги ягона лабораторияда катта пул ва навбат ҳисобига бажараётган эдик. Бундан ташқари, айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга мева-сабзавот етиштириб берувчиларга жуда катта имтиёзлар бериляпти. Ҳатто оддий томорқага эккан мевали дарахтлар харажатининг ярмини давлат тўламоқда.
Бир сўз билан айтганда, экспорт бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи жараёнига айланиши зарур. Чунки у заминимиз, заковатимиз қудратини намоён қилади, у хазинамизни даромадга тўлдиради, пировардида, ҳаётимизни фаровон қилади.
Шавкат ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.