Шердор мадрасаси безакларида инсон ахлоқи улуғланган
Самарқанд шаҳри асрлар давомида Марказий Осиёнинг илм-фан, маданият ва меъморчилик маркази бўлиб келган. Бу ерда қад ростлаган тарихий обидалар нафақат эстетик гўзаллиги, балки чуқур маънавий мазмуни билан ҳам ажралиб туради. Расмда акс этган меъморий тасвир ана шундай юксак санъат намуналаридан бири.
Бу Самарқанддаги машҳур тарихий ҳудуд - Регистон майдони мажмуасига кирувчи Шердор мадрасаси биносининг безак қисмларидан бири. Мадраса XVII асрда қурилган бўлиб, ўзининг бой нақшлари, ранг-баранг кошинлари ва мураккаб геометрик безаклари билан ажралиб туради.
Расмда кўрганингиз, матнлар араб ёзувида битилган бўлиб, Қуръон оятидир. Унда инсоннинг ахлоқи улуғланади. Мадрасанинг нафақат илм маскани, балки маънавий тарбия маркази бўлганини кўрсатади. Масканда ўз даврида билим олиш билан бирга, инсоний фазилатлар - одоб, ахлоқ ва руҳий поклик ўргатилган.
Меъморий жиҳатдан расмда ғишт ва кошин уйғунлиги алоҳида эътиборни тортади. Кўк ва оқ ранглар устунлиги осмон ва поклик тимсоли сифатида талқин қилинади. Геометрик нақшлар ислом санъатининг муҳим белгиларидан бўлиб, чексизлик ва тартиб ғоясини ифодалайди.
Расмда ифодаланган тор кириш қисми бинонинг вазифаси нуқтаи назаридан тузилиши ҳақида дарак беради. Бу каби кичик хоналар турли мақсадларда - ибодат, тафаккур ёки хизмат хоналари сифатида ишлатилган бўлиши мумкин. Бу эса мадрасанинг мураккаб ва кўп қиррали тузилишга эга эканини кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтганда, расм оддий меъморий ёдгорлик эмас, балки тарих, санъат ва маънавиятнинг уйғунлашган ифодаси. Самарқанд обидалари орқали аждодларимизнинг нафақат қурилишдаги маҳорати, балки дунёқараши ва қадриятларини англашимиз мумкин.
Бунёд ЯЛҒОШЕВ,
Регистон ансамбли гид-экскурсаводи.