Самарқанд судлари никоҳдан ажратишга оид даъво аризаларининг 48  фоизини қаноатлантирди

Бу ҳақда Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг биринчи чорагида туманлараро, туман (шаҳар) фуқаролик судлари томонидан 40862 та иш кўрилган. Бу ишларнинг 10743 тасини фуқаролик ишлари, 3447 тасини материал тартибидаги ишлар, 18 тасини ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар ва 26654 тасини суд буйруқлари ташкил этган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фуқаролик ишлари 483 тага, материал тартибида кўрилган  ишлар 220 тага, суд буйруқлари 2872 тага кўпайган.

Вилоят суди биринчи инстанцияда 5 та, апелляция инстанциясида 249 та, кассация инстанциясида 213 та ва тафтиш инстанциясида 134 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.

Ўтган давр мобайнида қарз ва кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар 1073 тага, ерга оид ҳуқуқий муносабатларга доир низолар 170 тага камайган бўлса, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар 154 тага, уй-жойга оид ҳуқуқий муносабатларга доир низолар 172 тага кўпайган.

Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид жами 2250 та иш кўрилиб, ушбу даъво аризаларидан 48,1 фоизи (1082 таси) қаноатлантирилган. 145 та иш бўйича тарафлар яраштирилганлиги муносабати билан оилалар сақлаб қолинган.

Ишга тиклаш масаласида 53 та даъво ариза кўрилган бўлиб, 28 таси қаноатлантирилиб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, иш ҳақини ундириш масалаларига оид 209 та ишнинг 179 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган ва ходимлар фойдасига 2,4 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилган.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш масалаларига доир 1993 та иш бўйича талаблар қаноатлантирилган ва вояга етмаган болаларга алимент ундириш ҳақида тегишли суд қарорлари қабул қилинган.

Йилнинг биринчи чорагида Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига жами 411 миллиард 781 миллион сўмлик 105 минг 902 та ижро ҳужжати ижро қилиш учун юборилган.