Ички захиралар асосида ҳудудларни ривожлантириш чоралари белгиланди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, ўттиз олтинчи сессияси ўтказилди. Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.
Депутатлар дастлаб, Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида мавжуд имконият ҳамда ички захираларни сафарбар этиш орқали ҳудудларни ривожлантириш “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг июнь ойида ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувларга таянган ҳолда “Ақл маркази – ҳокимлик – Халқ депутатлари Кенгаши” тамойили асосида йўл хариталари ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқ асосида вилоятимизга камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлар маркази “ақл маркази” сифатида бириктирилган. Марказ томонидан қисқа вақт ичида Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида мавжуд имконият ҳамда ички захираларни сафарбар этиш орқали ҳудудларни ривожлантириш “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилди. 69 банддан иборат йўл харитасида ҳар бир туман, шаҳар бўйича саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, йўл инфратузилмаси, коммунал хўжалик ва бошқа соҳаларни қамраб олган лойиҳалар, уларни амалга ошириш муддатлари ва масъуллар белгиланган.
Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлар маркази директори Д.Каримов “Йўл харитаси” ва унда белгиланган лойиҳалар илмий ёндашув асосида амалга оширилиши, шаҳар ва туманларнинг табиий, хомашё, логистика ва туристик салоҳиятидан самарали фойдаланилиши ва шу орқали ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши жадаллаштирилишини таъкидлади.
Депутатлар “Йўл харита”сини тасдиқладилар.
Шундан сўнг Республика иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан таклиф этилаётган Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ) иштирокидаги “Самарқандда натижаларга эришиш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини тизимли такомиллаштириш дастури” (ШИФО-1) натижага асосланган молиялаштириш (PforR) лойиҳаси концепцияси кўриб чиқилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев мазкур концепция ва уни амалга ошириш тартиблари, кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берди.
Шунингдек, сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.