Ботокс фақат ажинлар учунми?
Ҳозирги кунда косметологияда “Ботокс” сўзини эшитмаган кишини топиш қийин. Голливуд юлдузларидан тортиб оддий аёлларгача бу укол орқали ёшликни узайтиришга интилади...
Бироқ, ботулотоксин атрофидаги гап-сўзлар икки хил: кимлардир уни “ёшлик эликсири” деб мадҳ этади, бошқалар эса асоратлардан қўрқиб, ундан узоқ юради. Асаб толалари ва мушаклар орасидаги алоқани бир неча ойга “ўчириб қўядиган” модда – ботулотоксиндир.
Бугунги кунда у миллионлаб аёллар ва эркакларнинг кундалик ҳаётига кириб улгурди. Ажинлар тезда силлиқланади, юз шакли ўзгаради, лекин бу жараённинг орқасида қандай хавфлар яширин? Бугун ботокснинг ортида турган ҳақиқатни, унинг берадиган ишонч туйғуси ва юзага келтириши мумкин бўлган оқибатларни биргаликда кўриб чиқамиз.
Ботулотоксин ёки кўпчиликка таниқли номи билан “Ботокс” замонавий косметологияда энг кенг қўлланиладиган ва самарали усуллардан биридир. Унинг асосий вазифаси - мимикавий таъсир натижасида пайдо бўладиган айрим динамик ажинларни вақтинчалик юмшатиш ёки йўқотиш. Ботулотоксиннинг таъсир механизми жуда аниқ: у нерв учларидан мушакларга “қисқариш” буйруғини етказувчи сигнални тўсиб қўяди. Натижада мускул бўшашади ва қисқаришни тўхтатади.
Ботокс қандай натижа беради?
· Терини “ғижимлайдиган” мушаклар бўшашганда, тери силлиқланади ва ажинлар йўқолади.
· Баъзи мушаклар (масалан, овқат чайнайдиган мушаклар) ҳажми камаяди, бу юзнинг визуал жиҳатдан тортилишига олиб келади.
· Тер безларига келадиган сигнал ҳам тўсилиб, терлаш камаяди.
· Кўз атрофидаги айрим мускулларни бўшаштириш орқали қошларни бироз кўтариш мумкин.
· Мимикадаги мускулларни бўшаштириш орқали “милкингизни кўрсатиб кулиш” муаммосини тузатади.
· Елка, болдир ва қўл мушакларини кичрайтириб, уларнинг ҳажмини камайтиради.
Ботокс таъсири қанча вақт давом этади?
Ботулотоксиннинг таъсири доимий эмас. Одатда, у 3 ойдан 6 ойгача давом этади, шундан кейин мушакларнинг ҳаракати ва ажинлар аста-секин қайта тикланади. Самарани сақлаб қолиш учун мунтазам равишда такрорлаб туриш тавсия этилади.
Ботокс асоратлари борми?
· Нотўғри доза ёки нотўғри жойга укол қилиниши юзнинг асимметриясига ёки кўз қовоғининг осилиб қолишига олиб келиши мумкин.
· Укол қилинган соҳада керакли даражадан кўпроқ бўшашиш ёки заифлик кузатилиши мумкин.
· Кўз атрофига нотўғри укол қилинса, буюмларни иккита кўриш ёки кўзнинг ғилайлиги каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
· Айрим ҳолларда ботулизм касаллиги ривожланади. Қуйидаги алоҳида белгилар билан намоён бўлади: қўл-оёқлардаги мускуллар сусайиб, ҳаракат қилиш қийинлашади, ютиш ва гапиришда қийинчилик кузатилади, оғиз қуриши ва кўришнинг хиралашиши келиб чиқади, оғир ҳолатларда нафас олиш мушакларининг заифлашиши ҳаёт учун хавфли ҳолатга олиб келиши мумкин.
· Оғир аллергия (анафилаксия) келиб чиқади. Бу жуда ҳам кам учрайдиган, аммо ҳаёт учун хавфли ҳолат бўлиб, нафас олишнинг қийинлашиши, юз-бўғиз шишиши билан кечади ва шошилинч тиббий ёрдам талаб этади.
Ботулотоксин – бу ажинларни тузатиш ва юз шаклини яхшилашда самарали восита. Бироқ, ундан фойдаланиш фақат малакали мутахассис томонидан ва сифатли препаратлар билан амалга оширилиши шарт. Бу усулга қарор қилишдан олдин, албатта, тажрибали дерматолог ёки косметолог билан маслаҳатлашиш лозим.
Тахмина Авазова,
Самарқанд давлат тиббиёт университети терапия, кардиология ва функционал диагностика кафедраси (PhD) ассистенти.