Судья, прокурорни кўпайтириш билан жиноятчиликни йўқотиб бўлмайди
Самарқанд давлат университети таркибида 1974 йил биринчи марта очилган ҳуқуқшунослик мутахассислиги йўналиши беш марта ташкил этилиб, яна бешинчи марта ёпилган. Жуда қизиқ.
Мен ушбу соҳа, олий юридик таълим тизимида 52 йил ишладим ва мураккаб фанлардан дарс бердим. 1976 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетида «Давлат ва ҳуқуқ тарихи» кафедрасида ассистент ўқитувчи сифатида ишлардим. Шунда Тошкентдаги «Нукус» кинотеатри олдида қурилаётган бинодан ёш ўқитувчиларга тураржой берилиши арафаси эди. Шундай шароитда мажбуран СамДУга ишга ўтказилдим, яна беш-олти йил оилам, болаларим билан ижара уйларда яшадим. Бўлим факультетга айланди. Сиртқи, кечки, кундузги таълим, иккинчи мутахассислик учун ҳам йўналиш очилди. Лекин мен тушунмаган нарса шу эдики, ҳар 6-7 йилда таълим тизимидаги камчиликлар фош этилмасдан, муаммолар барҳам топмасдан қабул тўхтатилар, оз фурсат ўтгач, «адвокатлар, ҳуқуқшунослар етишмайди» важидан яна ҳуқуқшунослик йўналиши очиларди. Кейин факультетга декабрь ойида ҳам қабул қилишлар, турли ички ва ташқи ўтказишлар, айримларни талабалар сафидан чиқариш, қайта тикланиш ишлари тинмасди.
Айниқса, 2018 йилдан кейинги амалиёт кафедра мудирлари ва ўқитувчиларни танлов асосида беш йилга сайлаш эмас, улар билан қисқа муддатли шартномалар тузиш, буйруқ билан тайинлашлар ҳам ишимизга катта зарар етказарди. Ҳайриятки, СамДУда жорий қилинган бу тартиб ҳозирда бекор қилинмоқда.
Факультет ҳар сафар ёпилганда, ўтган даврда етишиб чиққан педагоглар бошқа жойлардан иш ахтаришга мажбур бўлишарди. Мен эса шу ерга ишга ўтказилганлигим, яна уй-жой ташвишларини ўйлаб, СамДУдан кетмасдим. Ҳозир мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида ишлаб юрган профессорлар Шуҳрат Рўзиназаров, Комилжон Синдоров, Комилжон Рашидов, Жўрабек Тошқулов, Актам Турсунов, Саломат Ниёзова, Ахтам Ёқубов, Линдвуд университетининг (АҚШ) профессори Жўрабек Ҳамидов ва ўз ишининг билимдонлари бўлган доцентлар, раҳматли Қозоқбой Суяров, Турсун Абдувоҳидовлар асосан СамДУда камолга етиб, тажриба орттирган юридик факультетининг ўқитувчилари эди. Ҳар сафар факультет янгитдан очилганда, ўқитувчиларнинг асосий таркибини илмий даражасиз, педагогик тажрибага эга бўлмаган ёшлар ташкил қиларди. Афсуски, ўқитувчилар жамоасини бир-икки йилда шакллантириб бўлмаслигини ҳеч ким тушунишни истамасди. Барча мутасаддилар дабдабабозлик билан қабулга зўр бериб, дарс ўтиш, ташкил қилиш, сифат, ўқув-методик таъминот орқада қолиб кетарди.
Масалан, факультет бешинчи марта тикланганда гарчи, кундузги қабул 25 нафар талаба миқдорида деб кўрсатилганлигига қарамасдан, тўхтовсиз ошириб борилди. Биз СамДУ қошида режали, интизомли, билимли юридик кадрлар тайёрлайдиган факультет бўлиши тарафдори бўлиб келдик. Унинг тўрт йиллик фаолиятида талабалар сони деярли мингдан ошиб кетди. Ҳатто ҳеч бир юридик олий таълим ўқув юртларида кузатилмаган 450 нафардан ортиқ талаба ўқишга қабул қилинди. Кириш имтиҳонларида қатнашгани даргумон, ҳеч қурса, биринчи, иккинчи курс фанларини ўқиган ёки ўқимаганлиги ноаниқ талабалар эндигина очилган факультетга контракт асосида юқори курсларга талабаликка олинганига ҳам гувоҳ бўлдик. Хусусий юридик таълим берадиган Панжакентдаги филиалдан ўн нафар талаба ўтказилганлиги учун бир нечта мансабдор шахс ишдан олинди.
Агар эндигина очилиб фаолияти йўлга қўйилаётган факультетда шароит яхши бўлса, ўқитувчи сифатида хурсанд бўлардик. Аввало, кутубхоналарда барча ўқув курсларидан олти талабага битта дарслик ёки ўқув қўлланма тўғри келганда ҳам мамнун эдик. Чунки мутахассисликка кириш, давлат ва ҳуқуқ тарихи, Рим ҳуқуқи, давлат ва ҳуқуқ назарияси, суд ва прокуратура тузилиши ва яна бошқа ўнлаб дарсликлар, қонунчилик актлари тўпламлари, суд мажлиси намунавий қайдномалари, айблов, ҳимоя нутқларининг намуналари йўқ эди-да. Ҳатто криминалистика, ижтимоий фикр лабораториялари, фото лаборатория, юридик клиника, факультет кутубхонаси ва ўқиш залига муҳтож эдик.
Керакли адабиётлар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг ўрни борасида ҳам қизиқ ҳолатлар бор. Қарангки, Scopus рўйхатидаги илмий журналларда рус тилида чиққан мақолага устама ҳақ бериларди. Аммо ўнлаб йиллар мобайнида ёзиладиган ўзбек тилидаги монографияларга бундай моддий рағбат йўқ эди. СамДУ кутубхонасига бундай монографияларнинг сотиб олиниши амри маҳол бўлган. Бу ўзбек тилида ижод қилишга тўсқинликларнинг бир кўриниши эди.
Олий юридик таълим тизимига оид бундай хато ва камчиликлар бугун ҳам жуда кўп. Шулардан бири - бу бошқа ихтисосликларга қараганда, ҳуқуқшуносликка кириб ўқиш учун контракт нархларининг юқорилиги. Ўқиш жараёни, шароит, сифат бундай тўлов миқдорини оқламайди. Бундан ташқари, юридик факультетга қабул квотасининг кўплигидан хулоса қилиш мумкинки, уларнинг ишга жойлашишига кафолат йўқ. Ҳуқуқшуносларнинг учта хорижий тилни мукаммал билишини талаб қилаётганимиздан уларни чет давлатларда ишлаши учун тайёрлаётганга ўхшаймиз.
Албатта, халқаро доирада ишлай оладиган, учта хорижий тилни биладиган, чет мамлакатлар позитив-ҳаракатдаги ҳуқуқини атрофлича ўрганган ҳуқуқшуносларни тарбиялашимиз керак. Аммо ўқитувчиларнинг биргина Scopus журналларида мақола ёзиши ёки китоблари чет элларда нашр қилинганлиги, чет эллик олимлар иштирокида конференция ўтказилганлиги билан халқаро доирада ишлай оладиган кадрларни тайёрлай олмаймиз. Юридик таълим тизимида миллий қонунчилик, миллий қадриятларни ўрганиш каби масалалар ҳам бор.
Бугун чет мамлакатларда ўқиб, ўзимизда ишлаётган ҳуқуқшунос кадрларнинг салмоғи анчагина ошди. Лекин уларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил қиляпмизми? Ўзимиздаги университетлар қошида юридик факультетларни очиб, талабалар сонини кўпайтириш яхшидир. Аммо назоратсиз, режасиз, моддий-услубий таъминоти бўлмаган бундай илм даргоҳларида сифатли мутахассислар тайёрлаб, уларни иш билан таъминлай олмаймиз. Барчани прокурор, судья қилганимиз билан жиноятчилик тамом бўлмайди. Фикримизча, бу мутахассислик учун ажратиладиган давлат грантлари, тўланадиган контракт тўлови миқдорлари бошқа ихтисосликлардан фарқ қилмаслиги керак.
Талабалар контенгентини режасиз, асоссиз ошириш билан таълим сифатини ошириб бўлмайди. Аксинча, бу таниш-билишчилик, қариндошчилик, маҳаллийчилик ва порахўрликнинг авж олишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, юридик таълимда назарий ва тарихий дарсларни қисқартириш, учтасини битта фан қилиш, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи, давлат ва ҳуқуқ назарияси муаммолари, иқтисодий назария, суд статистикаси, суд медицинаси, психатрияси, суд этикаси, Рим ҳуқуқи каби курсларни бекор қилиш ёки дарс соатларини камайтиришни ҳам маъқул деб ўйламайман. Бу йўналишдаги ўқув режалари ҳамда ўқув дастурларини ҳам мукаммал деб бўлмайди.
Республикамиздаги ҳуқуқ тизими Рим ҳуқуқи оиласига мансублиги, таянганлиги ҳам шуни тақозо этади. Ҳуқуқни ўрганиш, ҳуқуқий таълим негизида, аввало, миллий ҳуқуқий тизим ва амалиёт, яъни ўз қонунларимизни ўрганиб, уларни ўзимизда қўллаш, вужудга келаётган юридик муаммоларни ечиш мақсади ётади. Шунинг учун юридик таълимда хориж методикасига ёпишиб олиш ҳам хато. Ҳуқуқшунослик ихтисослигига қабул жараёнларида аввалгидек ёзма имтиҳонлар (иншо)ни тиклаш мақсадга мувофиқ.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳозир талабалар амалий машғулотларда ҳам «телефон-шпаргалка»дан фойдаланмоқда. Назаримда, таълим жараёнларида илмий-техник тараққиётнинг бу каби ютуқларидан фойдаланишнинг ягона норматив тартибини йўлга қўйиш вақти келди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юридик таълим бўйича ўқув курслари аудитория соатларининг қисқартирилиши, такроран, фақат марказда пуллик якуний баҳолашларнинг ўтказилиши унинг натижалари ойлар давомида ноаниқ туриши ҳам ўқув интизомига салбий таъсир қилади.
Ўқиш-ўрганиш, билим ва малака олиш даражаси доим талабанинг қизиқиши, ўз устида ишлаши, тартиб-интизоми билан боғлиқ бўлиб келган. Талаба шуни чуқур англаши лозимки, ўқиш, билим олиш, бу, аввало, унинг ўзи учун. Бугун олий таълимда оммалашаётган кредит-модул тизими ана шунга асосланган. Талабанинг ўқиш-ўрганиш орқали орттирган билими, малакаси жамиятда ўз ўрнини топиши учун ишлатадиган ижтимоий маблағи ёки имкониятидир.
Демак, талаба диплом олиш учун эмас, билим, ихтисослик олишнигина мақсад қилиб ҳаракат қилиши лозим. Билим олиш йўлидаги чекилган заҳмат ижтимоий меҳнатнинг бир йўналиши бўлиб, узоқ вақт ўз устида ишлаш, фикрлаш, текшириб кўришни тақозо этади.
Зиёдулла Муқимов,
СамДУ профессори, олий юридик таълим фахрийси.