Трамп ва Путин: Аляскадаги учрашув қандай ўтди?

Аляскадаги Эльмендорф-Ричардсон қўшма ҳарбий базасида ўтказилган АҚШ ва Россия Президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путин учрашуви якунланди.
Улар ўртасидаги юзма-юз музокаралар қарийб уч соат давом этди. Сўнгра икки делегация вакиллари билан суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат якунида АҚШ ва Россия етакчилари матбуот олдига чиқди. Президентлар қисқа баёнотлар билан чекланиб, журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Трамп музокара якунида “Fox News” телеканалига интервью берди. У интервьюсида асосан шундай фикрларни илгари сурди:
- Аляскадаги музокараларда, жумладан, Украина хавфсизлигига оид кафолатлар масаласи ҳам кўп жиҳатдан келишиб олинди;
- Украина бўйича келишувга эришиш имконияти энди Зеленский ва Европа давлатларига боғлиқ;
- Зеленский Россия билан можаро сабаб кўп нарсани йўқотаётганини тан олиши лозим;
- Путин билан музокаралар давомида катта силжишларга эришилди;
- Украина бўйича келишув тузилиши эҳтимоли “анчагина юқори”;
- Украинадаги можаронинг тугаши ҳам Путин, ҳам Зеленский учун муҳим ютуқ бўлади;
- Европа давлатлари ҳам Украина бўйича келишувда “қисман” иштирок этиши керак;
Россия катта ядровий салоҳиятга эга ва бу билан ҳисоблашиш лозим.
Аммо учрашувни жаҳон ОАВ вакиллари ўзгача баҳолади.
“Путин учрашувни айрим ғалабалар билан якунлади. У АҚШга ташриф буюришга эришди – бу оз нарса эмас ва Трампдан илиқ “меҳмондўстлик” олди, шунингдек, Россияга қарши қўшимча санкцияларнинг навбатдаги кечиктирилишини қўлга киритди”, деб ёзади “The New York Times”.
CNN’га кўра, Путин қўшма матбуот анжуманини очиб берган, бу эса одатдаги протоколдан четга чиқиш ҳисобланади.
“Associated Press” эса Трамп ва Путин матбуот анжуманини ҳеч қандай саволларга жавоб бермай ва Украинанинг келажаги бўйича музокаралар тафсилотларини ошкор этмай якунлаганидан афсус билдирди.
“The New York Times”: Қарийб уч соатлик учрашувдан сўнг Дональд Трамп эришилган силжишларга ноаниқ, Путин учун учрашув муайян ғалабалар билан якунланди.
“The Sun”: Учрашувдан сўнг АҚШ Президенти томонлар айрим йирик масалаларда келишиб олганини айтди, бироқ икки лидердан ҳеч бири Украинада ўт очишни тўхтатишни тилга олмади.
“Трамп ютқазмади, аммо Путин аниқ ютди”, дейди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон. Унинг сўзларига кўра, Трамп “янги учрашувлардан бошқа ҳеч нарса олмади”. Путин эса кўп нарсага эришди. У санкциялардан қутулди. Уни ўт очишни тўхтатиш хавфи кутмаяпти. Кейинги учрашув белгилаб қўйилмаган.