Каттақўрғон шаҳар аҳолиси қаерда дам олади?

Истироҳат боғи деганда кўз олдимизга яшил майдонлар, гўзал манзаралар, тоза ҳаво ва болаларнинг қувноқ овози келади. Бу масканлар аҳоли учун нафақат дам олиш, балки оила аъзолари билан мазмунли вақт ўтказиш, болаларнинг савиясини ошириш ва экологик муҳитдан баҳра олиш имконияти сифатида қаралиши керак. Бироқ амалда бу манзара доим ҳам учрамайди.
Чунки вилоятдаги истироҳат боғларининг аксариятида маданий дам олиш учун етарли шароит яратилмаган.
Аттракционларнинг аксарияти эскирган, кўп ҳолларда уларни бошқараётган ходимлар тегишли мутахассисликка эга эмас. Айрим туманларда эса умуман аттракционлар йўқ. Натижада аҳоли учун мазмунли ҳордиқ чиқариш имконияти чекланмоқда ва туризм салоҳиятини ошириш йўлида жиддий тўсиқ бўлиб турибди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган, хавфсиз ва қизиқарли дам олиш масканларини яратиш учун эса, аввало, истироҳат боғларида бошқарув тизимини тўғри танлаш керак. Бизда истироҳат боғларининг бошқарув тизими “саёҳатчи”га ўхшайди — бир Маданият вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларга, бир маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказилади. Баъзан эса уларни ободонлаштириш бошқармаси ва бўлимларига ёки тадбиркорларга бириктиришади. Бу алмашинувлар ортида эса аниқ бир эгаси ва узоқ муддатли режаси бўлмаган боғлар қолади.
Каттақўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи фаолияти билан танишиб, бошқарув тизимидаги ана шу “кўчманчилик” боғнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилиб келганига гувоҳ бўлдик.
Шаҳарда яшовчи фуқароларнинг айтишича, сўнгги йилларда истироҳат боғининг ташкилий ва санитар ҳолати ёмонлашган. Бунга бу ерга бириктирилган ташкилот масъулларининг ўз вазифасига етарлича масъулият билан ёндашмагани, тадбиркорларнинг ўзбошимчалик билан фаолият юритгани ҳамда ҳудуднинг қаровсиз ҳолда қолдирилгани асосий сабаб бўлган.
Шунингдек, боғдаги 40–50 йиллик дарахтларнинг юқори қисми кесилиб, қуриш жараёнида уларнинг сотилгани жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарган. Натижада фуқаролар оиласи билан дам олиш учун ушбу ҳудудга келмай қўйган.
Қарийб 5 гектар майдонни эгаллаган боғ шу йил шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат хусусий шериклик асосида “JJA GOLD” МЧЖга берилган ва 15 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига истироҳат боғини реконструкция қилиш ҳамда қўшимча атракционлар қуриш белгиланган.
– Боғни қабул қилиб олганимизда жуда ачинарли ҳолатда эди, – дейди Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи иш юритувчиси Азизбек Аҳмадов. – Дастлаб ҳудудда ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бордик. Шу кунга қадар боғ ҳудудига 13 та янги аттракцион ўрнатилиб, мавжуд 3 та ўйин қурилмаси капитал таъмирдан чиқарилди. Айни пайтда боғда 20 нафар ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Шунингдек, ҳудудда амфитеатр ҳамда мини футбол майдонининг қурилиши давом этмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишлари 2026 йилда тўлиқ якунланиши ва ҳудудни шаҳар марказидаги замонавий истироҳат боғига айлантириш режалаштирилган.
Истироҳат боғларининг самарали фаолият юритиши учун уларда барқарор бошқарув, тизимли назорат, замонавий инфратузилма ва узоқ муддатли режалар бўлиши шарт. Умид қиламизки, Каттақўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган ишлар бу масканни қайта тиклаш ва аҳоли учун муносиб дам олиш ҳудудига айлантиришга хизмат қилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.