Каттақўрғон шаҳрида футбол академияси қурилади

Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрь куни “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Каттақўрғон шаҳрида футбол академияси ташкил этиш белгиланган.

Ўзбекистон прфессионал футбол лигасининг маълум қилишича, қарорда Каттақўрғон шаҳрида Ассоциация қошидаги футбол академияси ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Бу 150 ўринли уч қаватли ўқув ва маъмурий бино қуриш, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона биносини барпо этиш, 48х24 ўлчамли универсал спорт зали, 110х78 ўлчамлардаги биттадан табиий ва сунъий қопламали футбол майдонларини ўз ичига олади.

Лига режасига кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Спорт вазирлиги ёрдамида Пайшанба шаҳарчасидаги футбол майдони давлат-хусусий шериклиги асосида Каттақўрғон клубига бириктирилади. Ўз навбатида клуб мазкур майдонни Лига талабларига мослаш учун инвестиция киритади. Бунда футбол майдонини тўлиқ янгилаш, техник зона ва трибуналарни таъмирдан чиқариш кўзда тутилади.

Шунингдек, Пайшанба шаҳарчасидаги оромгоҳнинг бир қисми клуб базасига айлантирилади. Келажакда Ассоциация ёрдамида Каттақўрғон футбол академияси қошида 8 ёш тоифасида тарбияланувчилар гуруҳини ташкил этиш ва унга асосан маҳаллий болаларни жалб қилиш, ёш тоифаларининг ҳар бирида минимум 25 нафардан тарбияланувчи бўлишига эришиш ҳамда уларни Лига рўйхатидан ўтказиш режалаштирилган.

"Динамо" футбол клуби эса вилоят футбол мактаби билан худди шу йўсинда ҳамкорлик қилади. Шу асосда вилоятда бир-бирига рақобат қилувчи иккита футбол клубига асос солинади.

Айни вақтда Лига Каттақўрғон футбол клуби билан ҳамкорликдаги ишларни давом эттираётган бўлиб, бу ўз навбатида клубни Про лига мусобақасига тайёрлаш босқичини ўз ичига олади.