Ҳоким бонг уради: Ажрим соясида қолаётган болалар

Одатда ҳокимлар мақола ёзса ёки чиқиш қилса, асосан ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳақида гапиришга уринади. Оила масаласи, ундаги муаммолар билан тегишли ташкилот вакиллари шуғулланиши керак, деган тушунча шаклланиб қолган. Бу сафар шу қолиплардан чекинган ҳолда оила масалалари ҳақида тўхталишга жазм қилдик.

Чунки оилавий ажралишлар ўша кичик макондан чиқиб, эндиликда жамиятда ҳам йирик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу масалага барчанинг жиддий ва масъулиятли ёндашуви зарур. Ёшлар билан ишлайдиган ташкилотлардан бошлаб, нуроний отахон ва онахонларимизни бирлаштирган жамоаларгача.

Оила — жамиятнинг энг нозик ва энг муқаддас, шу билан бирга мустаҳкам пойдевори. Шу боис бизда азалдан оилани муқаддас бир қўрғон сифатида эъзозлаганлар. Унинг мустаҳкамлигини таъминлаш оила катталарининг, қолаверса, маҳалланинг муҳим вазифаси бўлган.

Лекин афсуски, бугун ана шу муқаддас ва мустаҳкам қўрғоннинг устунлари дарз кетаётгандек. Арзимаган сабаблар туфайли гулдек оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолаётгани ачинарли. Бир кунлик ўрганишларим давомида кўрган ҳақиқатларим дилимни ранжитди. Тўғриси, мен оила аъзоларининг ота-оналик бурчи, эр-хотинлик масъулиятини, фарзандлар олдидаги мажбуриятларини унутаётганлари боис ажрим соясида қолаётган норасида болаларга ачиндим.

Мен ўрганган бир хонадонда 4 нафар фарзанд бор экан. Ажрим ёқасидаги ушбу оилада ота-онанинг ҳар бири ўзича ҳақ. Эрининг топган пулини ҳавога совурган аёл, 20 йиллик турмуш давомида бошпана қилишга улгурмаган ота ва ҳоказо... Лекин ҳеч ким болаларнинг “биз ким билан қоламиз?”, “биз нима айб қилдик?” деган саволларига жавоб беролмайди. Оилада 4 боланинг борлиги нечоғли иноят эканини тушунмасликнинг ўзи қанчалик масъулиятсизлик. Ахир орамизда 10-15 йиллик турмуши давомида тирноққа зор бўлиб, лекин бир-бирини қўллаб, меҳр билан яшаётган оилалар камми? Оналик меҳрини ҳис қилиш учун битта бола асраб олишга рўйхатда турган минглаб оилалар бор. Ачинарлиси, 4 нафар фарзанди бўла туриб ажралишни истаётган эр­-хотиннинг ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Иккинчи нотинч оилада эса ташқи таъсир ва мустақил қарорнинг йўқлиги унга дарз етказган. Аёл меҳнаткаш, оила учун курашаётган сабр-бардошли инсон. Лекин эр хиёнаткор. Эр-хотин ўртасида айланаётган гап-сўзлар, аралашувлар аллақачон оиланинг парокандалигига сабаб бўлган. Бу ерда болалар бор, аммо “ота-она” деган ягона тушунча йўқ.

Учинчи оилада икки нафар фарзанд бор. Бу ерда ажримнинг сабаби келиннинг хатоси, телефон орқали бошқа бир инсон билан суҳбатлашгани. Эр ва қайнона уни хиёнаткор деб ҳисоблайди.

Оилаларни яраштиришдаги бир кунлик ўрганишларим қалбимда оғриқли из қолдирди. Ачинганим ажралишни истаётган эр-хотинлар сабаб ажримлар соясида қолиб қалби ўксиётган, ширин болалиги ўғирланаётган 11 нафар ўғил-қизнинг тақдири бўлди.

“Бир оила бузилса, арши аъло ларзага келади”. Бу шунчаки гап эмас, бу ҳаёт ҳақиқати.

Оилани мустаҳкамлаш учун, аввало, унинг устунлари бақувват бўлиши лозим. Янги оила тузишдан олдин ота­-оналар оила қураётган йигит ва қизнинг қарашлари, маънавияти, фикрлаши бир-бирига мосми, зарурат туғилганда бир-бирини қўллай оладими, қийинчиликларни бирга енгишга қодирми, деган саволлар ҳақида ўйлашлари керак. Ушбу масалага буюк бобокалонимиз Амир Темур жуда жиддий ёндашгани тарихдан маълум. Соҳибқирон шундай дейди: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим”.

Хўш, бугун-чи? Бугунги оғриқли ҳақиқат шуки, бизда мустаҳкам оила барпо этишга эмас, балки дабдабали тўй қилишга шошиладилар. Аксарият оила катталари топарман-тутарман, обрўли жой билан қуда бўлишни ўйлашади. Фарзандининг сарпо-суруғини зўр қилишни, машҳур санъаткорларни тўйга айтишни, нуфузли тўйхоналарда базмни ташкил этишни биринчи ўринга қўйишади. Қариндош-уруғлар билан ўтадиган тўй маслаҳатида бир кунлик тўй муҳокама қилинади, холос. Лекин ҳеч ким икки ёшнинг келгусида оилани қандай мустаҳкам сақлаши, уларга қандай ёрдам кераклиги ҳақида ўйламайди. Тўй ҳам ўтди дейлик. Ана энди қайнона бўлмиш оилага янги келган келинни парвариш қилиш, янги муҳитга меҳр билан мослаштириш ўрнига унинг ишларидан камчилик қидира бошлайди. Келин ҳам бир ниҳол мисоли. Янги ниҳолни ҳам ерга қадаганда яхшилаб парвариш қилинсагина илдизи мустаҳкам дарахтга айланади. Акс ҳолда секин эсган шамол ҳам уни қулатади.

Оиладаги қайнона ҳам қачонлардир келин бўлган. Ўзи босиб ўтган йўлни, ҳаёт тажрибаларини янги келинга тушунтирса, меҳр берса, келин янги муҳитга тезроқ кўникади, мослашади. Келин оилага келдими — уни бегона эмас, ўз қизидек қабул қилиши керак. Қайнона фақат талаб қилувчи эмас, ўргатувчи, йўл кўрсатувчи бўлиши зарур. “Сен бундайсан, сен ундайсан” деб турткилаш эмас, “кел, бирга ўрганамиз” деб қўлидан ушлаши жоиз.

Нимагадир ажрим ёқасидаги оилаларда келинни, аёлни айбдор қилиш кўп учрайди. Бу жуда нотўғри. Аёл – она, аёл – турмуш ўртоғи, аёл – келин. Унинг вазифалари кўп оилада. Энг муҳими, оилалар давомчиси бўлмиш фарзандни дунёга келтирадиган, наслни давом эттирадиган зот. Шунинг ўзи унинг қанчалик буюк ва сабрли эканини кўрсатади. Демак, уни тушуниш, камчиликларини кечириш, энг муҳими, қўллаб-қувватлаш даркор. Аёлни айблаш осон. Лекин унинг ёнида туриш, далда бериш — мана шу ҳақиқий инсонийлик барча қайнона ва оила аъзоларига ҳам хос эмас.

Оила муқаддаслигининг яна бир жиҳати шундаки, эр-хотин ўртасида, оилада сирлар бўлади. Уни бошқалар билиши шарт эмас. Афсуски, ажримлардаги айрим ҳолатларда бир ёстиққа бош қўйган эр-хотин ана шу муқаддас сирларниям бегоналар олдида ошкор қиладилар. Лекин айрим аёллар оиламни асрайман, ундаги гапларни кўчага чиқарсам, турмуш ўртоғимнинг ҳурмати йўқолади, деб тазйиқ, ҳақоратлар остида яшаса-да сабр қилади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг аксарияти ана шундай тарзда ҳаёт кечирган аёлларга тўғри келмоқда.

Оғриқли нуқталардан яна бири — оилага учинчи шахснинг аралашуви. Бу ўтга ёғ сепиш кабидир. Бир томондан гап, иккинчи томондан гап — орада эса ёшлар изтироби. Оила — икки инсоннинг ҳаёти. Уни барбод қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ: опами, сингил ёки ака, ука ё бошқа яқин қариндош...

Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Аксарият ҳолларда оилани мустаҳкамлашда фақат қизлар билан, келинлар билан иш олиб борилади. Нимагадир иккинчи томон эркак кишининг бу борадаги масъулиятига унчалик эътибор қаратилмайди. Қизларга қисман бўлса-да, мактабда ёки уйда оилага тайёрлаш бўйича тушунтиришлар берилади. Лекин йигитларни оилага тайёрлаш масаласи кун тартибида эмас. Бу борада сусткашлик устувор. Ушбу масалага бугун ёшлар ишлари масъуллари жиддий ёндашишлари лозим. Йигитларни оила қуришга тайёрлаш, эрлик, кейинчалик оталик масъулияти қандай бўлиши лозимлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Эркакнинг ўз аёли олдида моддий ва маънавий бурчлари бор. Оила қурилгач, аёлига, фарзандларига илм бериш, уларга яхши муносабатда бўлиш, тинч-тотув, осойишта ҳаётини таъминлаш эркакнинг маънавий бурчи ҳисобланади.

Бугун ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш олдимизда турган асосий ва долзарб масаладир. Албатта, бу борада Каттақўрғон шаҳрида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йил шаҳарда ажримлар натижасида 35 нафар бола ота-­онаси алоҳида яшайдиган шароитга тушиб қолган. Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар чоршанба куни шаҳардаги “Оила маскани”да оилавий масалаларга бағишланган қабул ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. Унда ажрим ёқасидаги оилалар, низоли жуфтликлар ҳамда мурожаат қилган хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, муаммоларни жойида ҳал этишга эришиляпти.

Қолаверса, маҳалла ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида оилавий низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, алимент масалалари ва хотин-қизлар мурожаатларини комплекс ҳал этишга қаратилган қўшма қарор доирасида “Самарқанд тажрибаси”ни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қарор асосида шаҳарда “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигида 66 нафар фаоллардан иборат “Жамоатчилик овози” гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ аъзоларига ажрим ёқасидаги ва низоли оилалар бириктирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, маҳаллалар кесимида ажримлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда маҳалла еттилиги масъул этиб белгиланган. Мақсад – ажримларни юзага келтираётган сабабларни ўрганиш ва бу борадаги муаммоларни ҳал этиш. Муҳими, бу ишлар расмий тадбир сифатида эмас, балки аниқ натижага қаратилган амалий ёндашув асосида олиб борилмоқда. Зеро, сақлаб қолинган ҳар бир оила жамият барқарорлигининг муҳим кафолатидир.

Гавҳар АЛИМОВА,
Каттақўрғон шаҳар ҳокими.