Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади
Президент Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда 15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Рўйхатга олишнинг асосий мақсади мамлакатда амалда фаолият юритаётган иқтисодий бирликлар, уларнинг фаолият йўналишлари, бандлик ҳолати ва асосий иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида ишончли статистик маълумотларни шакллантиришдан иборат.
Тадбир доирасида юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган иқтисодий бирликлар қамраб олинади.
Маълумотлар респондент тоифасига қараб, рўйхатга олувчилар томонидан планшет қурилмалари ёрдамида юзма-юз сўров асосида ёки интернет орқали мустақил равишда тўпланади.
Рўйхатга олиш натижалари корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрларни янгилаш, кузатилмайдиган иқтисодиёт кўламини баҳолаш, танланма кузатувларни сифатли ташкил этишга хизмат қилади.
Олинган маълумотлар келгусида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни ривожлантириш ва бизнес учун янада тўғри ҳамда манзилли қарорлар қабул қилишда муҳим ахборот манбаи бўлади.