Ўзбекистон халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллиги нишонланади

Устоз режиссёр ҳаёти ва ижодига оид адабий-маърифий хотира кечаси ўтказиш ҳамда ҳужжатли фильм суратга олиш режа қилинган. 

Баҳодир Йўлдошев (1947–2021) фаолияти давомида театр ривожига катта ҳисса қўшди.

Таниқли режиссёр 1945 йилда Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. У 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1971-1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974-1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган.

Баҳодир Йўлдошев 1984 йилдан бошлаб Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек Давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолиятини давом эттирган. Бу театрда у "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Паранжи сирлари", "Қора камар", "Зиёфат", "Искандар", "Фиридун", "Нодирабегим", "Ипак йўли" каби асарларни саҳналаштирган.

Ўзбекнинг буюк режиссёри бир нечта халқаро ва Ўзбекистон театр фестивалларининг мукофотлари билан тақдирланган.

Баҳодир Йўлдошев мустақиллик йилларида "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва Наврўз байрамларига бағишланган тадбирларнинг бош режиссёри сифатида маданий жараёнда фаол иштирок этиб келган.

Марҳум режиссёр “Дийдор режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” асосчиси ҳисобланиб, умрининг охиригача унга раҳбарлик қилган.