Судья ва суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти қандай?

Самарқанд вилояти судида шу мавзуда маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда вилоят суди судья ва суд ходимлари билан бирга уларнинг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этди. 

Вилоят суди раиси О.Ҳайитов судья ва суд ходимлари маънавияти, одоби ва масъулияти, бугунги кун талаблари, суд тизимидаги кадрлар сиёсати, ўз вазифасини виждонан ва талаб даражасида бажараётган судья ва суд ходимларининг ҳар бир ютуқлари албатта эътиборга олиниши ҳақида гапирди. Судьяларнинг электрон рейтинги шакллантирилаётганлиги, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб бориш орқали шаффофлик таъминланганлиги, судьяликка номзод ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини электрон баҳоланаётгани, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланаётганлиги ҳақида мисоллар келтирди. 

Аввалига тортиниб турган ота-оналар вилоят суди раисининг расмийликдан йироқ, самимий гапларидан кейин фаоллашди ва дилдан суҳбатлашди. 

-  Мен фарзандим шундай даргоҳда ишлаётганидан фахрланиб юрардим. Лекин бугунги йиғилишдаги гаплардан билдимки, фақат фахрланиш билан бўлмас экан, - дейди вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ф.Муҳаммадиевнинг отаси Эсонбой ака. – Мен фарзандимга ишонсам-да, барибир уни ҳушёрликка чорлаб туришим, кўпроқ суҳбатлашишим, маънан қўллаб-қувватлашим керак экан. 

Очиғи, вилоят судига келишга тортинардим. Вилоят суди раисининг гапларидан, биз ота-оналар учун доимо эшиклар очиқ эканлигидан кўнглим тўлди. Жамоадаги аҳиллик, самимийликдан, раҳбариятнинг барча ёш ходимлар қатори ўғлимнинг келажаги ҳақида қайғураётганидан жуда мамнун бўлдим. Энди тез-тез келиб тураман. 

Ўзаро суҳбат, фикр алмашиш тарзида самимий ўтган йиғилишда кўплаб фикрлар билдирилди, савол-жавоблар бўлди. Кўпчилик ота-оналар вилоят суди жамоаси улар ўйлагандай ўта расмий эмаслигини қайта-қайта таъкидлашди.

Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.