16 нафар маҳкум Наврўз байрамини оиласи бағрида кутиб оладиган бўлди

Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонасида Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов, вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқилди.

Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда О.Ҳайитов ва Т.Файзиев йиғилганларни бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча берди.

Сайёр қабулда бир қанча фуқаролар, тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
37-сон манзил колониясида жазо ўтаётган 16 нафар маҳкум сайёр қабулда иштирок этиб, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазоларини енгили билан алмаштиришни сўраб мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати қонун доирасида кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Содир қилган жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган З.Файзиеванинг ўталмай қолган 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, озодликка чиқарилди. Ш.Шахвалиевнинг ўталмай қолган 2 йил 2 ой 22 кун, Зоир Ҳакимовнинг 9 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Худди шундай жами 16 нафар маҳкум Наврўз байрамини оиласи бағрида кутиб оладиган бўлди.

Туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида турган, тузалиш йўлига кирган маҳкумларга нисбатан тўпланган материаллар ҳам сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Қилмишидан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, жазони ижро этиш даврида тартиб-интизоми билан ИИБ ходимларининг ишончини оқлаган 25 нафар маҳкум ўталмасдан қолган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.