Сайёр қабул самара берди

Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитов Паст Дарғом туманида Паст Дарғом ва Нуробод тумани аҳолиси билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабуллар ўтказди.

Тадбирда Паст Дарғом тумани судлари судьялари ҳам иштирок этди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда О.Ҳайитов қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча берди.

Шундан сўнг сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда жиноят ишлари бўйича 22 та, фуқаролик ишлар бўйича 11 та ва иқтисодий ишлар бўйича 2 та мурожаатлар бўлди.

Паст Дарғом тумани Ағрон маҳалласидан О.Мустафоева, Оқманғит маҳалласида яшовчи З.Жўраева, Бўстон маҳалласида яшовчи М.Абдусатторова ишга тиклаш масаласида, Шомбулоқ маҳалласида яшовчи И.Ризаев туғилганлик гувоҳномасини олиш тўғрисида, Беклар маҳалласида яшовчи А.Абдуназаров уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш масаласида мурожаат қилди. Мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, кредит, ер, никоҳ, уй-жой, фермерлик, нафақа ва бошқа турли масалаларда мурожаатлар бўлди.

Содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 19 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. Шу ерда жиноят ишлари бўйича сайёр суд ташкил этилди. Унда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими