Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

Айни кунларда Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид сайёр қабуллари ўтказилмоқда.

Хусусан, Олий суд раисининг ўринбосари Б.Исаков бошчилигида суд тизими ходимлари фуқароларнинг мурожаатларини ўрганмоқда. Сайёр қабулнинг биринчи кунида Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Паст Дарғом ва Нуробод туманларидан келган 402 фуқаро қабул қилинди.

 

Уларнинг 37 нафари аризалари жойида қаноатлантирилиб, кассация шикоятлари Олий судда мазмунан кўриш учун қабул қилинди, 6 нафар фуқаронинг апеллясия шикоятларини кўриб чиқилиши таъминланди, 63 нафар фуқаронинг даъво аризалари биринчи инстансия судининг иш юритувига қабул қилинди. Шунингдек, 14 нафар фуқаронинг турли мазмундаги аризалари қабул қилинди ва улардан 14 таси жойида ижобий ҳал этилди, 123 та фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди, 51 нафар судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

Шу каби қолган фуқаролар мурожаати ҳам қонун доирасида ҳал этилди.

 

Сайёр қабул давомида айрим фуқаролар алимент ундирилиши билан боғлиқ муаммоларини билдирди. Бу масалада 39 фуқарога алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқлари чиқарилиб, ижрога қаратилди, 8 ҳолатда судлар томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган факт белгиланиши натижасида уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ ҳуқуқлари тикланиб, улар пенсия олиш ҳуқуқи тикланди.

Шунингдек, 3 ҳолатда ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, натижасига кўра улар яраштирилди, 2 ҳолатда фуқароларга иш ҳақлари ундириб берилди, 12 ҳолатда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, низолар ҳал этилди.

Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.