Вилоят судининг Жомбойда ўтган сайёр қабулида 14 нафар маҳкумга енгиллик берилди
Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Жомбой туман “Зарафшон” МФЙ биносида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда О.Ҳайитов бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, тизимдаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Шундан сўнг аҳолини қабул қилиш бошланди.
Тадбир давомида 30 дан ортиқ фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди. Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 9 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. Худди шундай содир қилган жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкум сайёр қабулда жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўраб мурожаат қилди.
Барча мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр қабулда мурожаат қилган 14 нафар маҳкумнинг мурожаати алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди. Уларнинг қилмишининг оқибатини англаб етганлиги, пушаймон бўлганлиги, ўзига хулоса чиқариб бундан кейин соғлом турмуш тарзида яшаши ҳақида ваъдалари инобатга олинди. Уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.