Ўтмишдан куч олиб, келажакка ишонч билан...

Бу гаплар Самарқандда ўтказилаётган “Мустақилликнинг 35 йиллиги: миллий маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг илмий-методик масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференциясида бот-бот такрорланяпти.

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси асосида ташкил этилган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида республика илмий-амалий конференцияси иш бошлади.

Анжуман иштирокчилари – олимлар, санъаткорлар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари дастлаб Самарқанд шаҳри марказидаги Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиб, буюк аждодларимиз хотираси ва миллий давлатчилик анъаналарига эҳтиром бажо келтирдилар.

Конференциянинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва бошқалар сўзга чиқди.

Нотиқлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий маънавиятни юксалтириш, маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу борада илмий-методик ёндашувларни янада такомиллаштириш масалалари хусусида фикр юритдилар.

Анжуман доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” номли видеофильм намойиш этилди. Фильмда халқимизнинг бой тарихи, миллий ўзлиги, маънавий мероси ва бугунги тараққиёт йўли ўзаро уйғунликда акс эттирилган.

Конференция ишида мамлакатнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган олимлар, тадқиқотчилар, маънавият ва маърифат соҳаси мутахассислари, ижодкорлар ҳамда тарғиботчилар иштирок этмоқда. Унда миллий маънавий тараққиётнинг долзарб масалалари, маърифат тарғиботининг самарадорлигини ошириш, илмий ва амалий ёндашувларни уйғунлаштиришга доир маърузалар тингланмоқда.

Таъкидланганидек, мустақилликнинг 35 йиллик тарихини чуқур ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга етказиш – миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Конференция ана шу эзгу мақсадлар йўлида илм-фан, маърифат ва маънавият соҳалари вакилларини бир майдонга жамлаб, тажриба алмашиш ва янги илмий-методик ёндашувларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлмоқда.