Сайёр судда 45 киши жазодан озод қилинди
Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
О.Ҳайитов бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида тушунча бергач, аҳолини қабул қилиш бошланди. Тадбир давомида 50 га яқин фуқаро, шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 19 нафар фуқаро ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 23 нафар фуқаро сайёр қабулда вилоят суди раисига мурожаат қилди.
- Мамлакатимизда қонун устивор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, - деди ўз сўзида О. Ҳайитов. – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгиллик беряпти.
Шундан сўнг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. С.Ҳожимаматовга нисбатан ЖИБ Паст Дарғом тумани судининг 2020 йил 10 августдаги ҳукми билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Сайёр судда у жазонинг ўталмай қолган 1 йил муддатини ўташдан озод этилди. А.Абдураимовга нисбатан ЖИБ Булунғур тумани судининг 2021 йил 19 январдаги ҳукми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Сайёр қабулда А.Абдураимов ушбу жазони ўталмай қолган 1 йил муддатини ўташдан озод этилди.
Г.Исмоилова, А.Тилавов ва М.Жуманов муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди. Улар жазосининг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари озод қилишни сўраб билан мурожаат қилди. Сайёр судда уларнинг ҳам мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.