Замонавий мода миллийликка таъсир қиладими?

Мода бугунги кунда ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланган. Кўпчилик модани фақат кийим билан боғлайди, лекин аслида мода инсонларнинг фикри, маданияти ва ҳаёт тарзини ҳам акс эттиради.

Одамлар кийим орқали ўз характери ва дидини кўрсатади. Қадим замонлардан бери мода жамият билан бирга ўзгариб келган. Масалан, олдин бой одамлар қиммат матолардан тикилган кийим кийган, оддий одамлар эса одми кийимларда юрган. Ҳозир ҳам кийим инсон ҳақида маълум даражада маълумот беради.

Менимча, мода деярли ҳамма одамга таъсир қилади. Ҳатто “модага қизиқмайман” деган инсонлар ҳам унга эргашади. Чунки бугунги кунда интернет, фильмлар ва ижтимоий тармоқлар одамларнинг кийиниш услубига катта таъсир кўрсатмоқда. Масалан, кейинги пайтларда кенг (oversize) кийимлар ёки оқ кроссовкалар жуда машҳур бўлиб кетди. Кўп одамлар уларни блогерлар ва машҳур инсонларда кўриб, кийишни бошлади.

Бугунги кунда мода нафақат кийим, балки катта саноат ҳам ҳисобланади. Париж, Милан, Лондон ва Нью-Йорк дунёнинг мода марказлари ҳисобланади. Fashion Week тадбирларида машҳур дизайнерлар янги коллекцияларини намойиш қилади. Ижтимоий тармоқлар ривожлангандан кейин эса трендлар жуда тез тарқалмоқда. Масалан, корейс маданияти машҳур бўлгандан кейин корейс услубидаги кийим ва пардоз ҳам оммалашди.

Ўзбекистон ҳам замонавий мода ривожланаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Тошкентда кўплаб мода кўргазмалари ва Fashion Week тадбирлари ўтказилмоқда. 2025 йилда Visa Fashion Week Tashkent бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан дизайнерлар қатнашди. Унда I’msilk, Азамат Соматов ва Нигора Ҳашимова каби дизайнерлар ўз коллекцияларини намойиш қилди. Энг қизиқ томони шундаки, кўплаб дизайнерлар замонавий услубни миллий матолар ва нақшлар билан бирлаштирди.

Фикримча, бу жуда муҳим. Чунки замонавий мода миллий маданиятни йўқ қилмаяпти, аксинча уни янги усулда ривожлантиряпти. Ҳозир ёшлар ҳам миллий услубга кўпроқ қизиқмоқда. Масалан, қизлар замонавий кийимларни миллий тақинчоқлар билан бирлаштиряпти. Тўй ва байрамларда эса замонавий костюмлар билан ўзбек безаклари ишлатилмоқда.

Миллий матолардан бири бўлган адрас ҳам бугунги модада муҳим ўрин эгаллайди. Олдин адрас асосан анъанавий кийимлар учун ишлатилган бўлса, ҳозир ундан замонавий кўйлаклар, пиджаклар ва сумкалар тайёрланмоқда. Адраснинг ёрқин ранглари ва нақшлари уни жуда чиройли қилади. Кўплаб дизайнерлар халқаро мода кўргазмаларида ҳам адрасдан фойдаланмоқда. Шу сабабли миллий маданият замонавий модада яшашда давом этмоқда.

Хуллас, мода доим ўзгаради, лекин миллий анъаналар йўқолиб кетмайди. Менимча, замонавий мода орқали одамлар ўз маданиятини дунёга танитиши мумкин. Ўзбекистон модаси ҳам миллийлик ва замонавийликни бирлаштириб, яхши намуна кўрсатмоқда.

Рухшона Рустамова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.