Халқ ўйинлари нега йўқолиб кетяпти?
Ёшлигимда ўртоқларим билан қўй, мол терисини думалоқ қилиб кесиб, шунга мос қўрғошин ёки тангани ёпиштириб, ланка тепардик. Ёки чиллак, эшакминди, арқон тортиш, камондан отиш каби ўйинларда вақтимиз чоғ ўтарди.
Бироқ ота-боболаримиздан бизгача етиб келган бу халқ ўйинлари кейинги пайтда эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Халқ ўйинларнинг дастлабки намуналари Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Кайковуснинг “Қобуснома” ва Алишер Навоийнинг асарларида учрайди.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида 150 га яқин миллий ўйинлар ва 20 дан ортиқ болалар ўйини тавсиф қилинган. Масалан, “қоранғуни” (қоронғида қўрғон олиш), “бандол” (асир олиш), “ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “чавгон” (тўп ўйини), “ўт бандал” (таёқ ўйини), қиличбозлик, найзадорлик ҳақида маълумот берилади. Мавсумий “толбаргак”, “гул ўйини”, “қорхат”, “ёмғир ёғалоқ”, “топишмоқ топ”, “тез айтиш”, “ким айтди” ҳам шулар жумласидан.
Халқ ўйинлари ақлий ва жисмоний ривожланишга хизмат қилган
Қадимда ўғил болалар “Чиллак”, “Тортишмачоқ”ни яхши кўрса, қизлар “Супур-супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” кабиларга қизиққан. Ўйинларга эътибор берсангиз, ҳаммаси ҳам ҳаракатдан ёки жисмоний ва ақлий меҳнатдан иборат. Мисол учун, тез айтиш билан болалар нутқидаги нуқсонлар тўғриланган бўлса, топишмоқлар орқали зеҳни ошган. Тортишмачоқ, чиллак каби ўйинлар болаларнинг жисмоний имкониятларини оширган. Вақт ўтиши билан бу ҳаракатлар такомиллашиб борган. “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” ва бошқа шу каби халқ ўйинлари кўринишига келиб, ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақаларига айланган.
Муаммо нимада?
Афсуски, ҳозирги кунга келиб, ушбу ўйинлар йўқолиб кетяпти ва бунинг бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, ҳозир кўпчилик, айниқса, ёшлар мобил қурилмалар, гаджетлар ва компьютер ўйинларига боғланиб қолган. Иккинчидан, боғча ва мактабларда халқ ўйинлари алоҳида дарс сифатида ўқитилмайди. Учинчидан, анъанавий спорт мусобақалари каби халқ ўйинлари мунтазам ўтказилмайди. Яъни, Наврўз байрамида, турли фестиваль ёки маданий тадбирлар доирасида мусобақалар ташкил этилади, холос. Тўртинчидан, ҳудудларда халқ ўйинларини ташкил этиш, ривожлантириш учун бўлимлар йўқ. Шу боис халқимизнинг тарихий қадриятлари, анъаналари, миллий урф-одатлари ҳам йўқолиб бормоқда.
Қарорда бор, амалда эса…
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 майдаги «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган.
Унда миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг моҳияти ҳақида тарғибот материалларини (қўлланма, буклет, баннер, флайер ва бошқалар) тайёрлаш, болалар ва ўсмирлар учун алоҳида шартларни назарда тутувчи «Миллий халқ ўйинлари» ўқув методик қўлланмасини нашр этиш, шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш, ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил қилиш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Бироқ қарордаги мазкур вазифалар қоғозда қолиб кетяпти.
Вилоят спорт бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, қарорда белгиланган вазифалар нафақат вилоятда, балки республикада ҳам бажарилмаган. Чунки қарор ижроси назоратга олинмаган. Фақат байрам ва турли фестиваллар доирасида халқ ўйинлари бўйича номигагина мусобақалар ташкил қилиб келинмоқда.
Таклиф ўрнида
Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш, ёшлар ўртасида оммалаштириш учун, аввало, ҳудудий дастур ишлаб чиқиш, вилоятда этноспорт федерацияси ёки бўлимини ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги спорт мактабларида халқ ўйинлари гуруҳларини очиш керак. Шунингдек, истеъдодли ёшларни аниқлаш мақсадида маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилаётган «Беш ташаббус олимпиадаси» оммавий спорт мусобақалари қаторига миллий халқ ўйинларини ҳам киритиш, ҳудудий ва республика босқичларида мусобақалар ташкил қилиш ҳамда миллий ўйинлар фестивали ва мусобақаларини кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.