Самарқандлик тадбиркор аёл ғолиблар сафида

Тошкентда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Анор” миллий кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар фаолиятининг самарадорлиги, профессионаллигини ошириш, Ўзбекистон замонавий тадбиркор аёли имижини мустаҳкамлаш,  аёллар раҳбарлигидаги корхоналар маҳсулоти рақобатбардошлигини, экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган бу танлов йилдан-йилга ўз кўламини кенгайтирмоқда.

- “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкор ташкилотлар билан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қулай бизнес муҳитини яратиш, аёллар ўртасида тадбиркорлик ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш мақсадида анъанавий “Анор” Миллий кўрик танловини ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келмоқда, - дейди ассоциациянинг вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. - Бу йил унинг вилоят босқичида 100 нафарга яқин тадбиркор аёллар иштирок этиб, улар орасидан ишлаб чиқариш, фермерлик, хизмат кўрсатиш йўналишларида ғолиблар танлаб олинди. Хусусан, ишлаб чиқариш йўналишида “Aziz Amira Gold” МЧЖ раҳбари Азиза Абдуғаниева, фермерлик йўналишида тойлоқлик фермер Норхол Раҳматова, хизмат кўрсатиш соҳасида ресторан ва кафе тармоғи раҳбари Сабина Исматуллаева вилоятда ғолибликни эгаллаб, республикада бошқа ҳудуд ҳамкасблари билан беллашдилар. Қувонарлиси, республика танловида “Энг яхши ишлаб чиқарувчи” номинациясида Самарқанд шаҳрилик тадбиркор Азиза Абдуғаниева биринчи ўринни қўлга киритди.