«Тадбиркор аёл» даромад топиш усулларини ўргатмоқда
Оилавий даромадларни кўпайтириш, жойларда камбағалликни қисқартириш, томорқа экинларидан даромад қилишлари учун аҳолига турли кредит, ссудалар бериш ишлари йўлга қўйилганига анча бўлди.
Тўғри, азалдан деҳқончилик билан шуғулланувчи халқмиз. Аммо деҳқончилик ҳам бошқа соҳалар сингари қўшимча малака, билим талаб этадиган соҳа. Айниқса, бугун бир қарич ердан миллионлаб даромад топишнинг имкони бор пайтда ҳамма ҳам бу ишнинг уддасидан чиқаяптими?
Томорқаси бор, унда ишлаб, аммо унча кўп даромад тополмайдиган хотин-қизларга қўшимча кўникма бериш мақсадида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими томонидан “Маҳаллий хотин-қизларни мева-сабзавотчилик соҳасида бизнес ташкил қилиш ва юритиш бўйича малака ва тажриба орттиришга ўргатиш ва тайёрлаш” бўйича семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
– Жойларда фермер хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билим даражасини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳага қизиқиши бўлган хотин-қизларга малака ва билим бериш, бу борадаги янгиликлар билан таништириш мақсадида Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги кўмагида доимий тренинглар ўтказиб келяпмиз, - дейди дейди «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. - Ўтган 2019 йилда тренингларда 100 га яқин хотин-қизларимиз иштирок этиб, ўзининг билимини ошириб малака ва тажрибага эга бўлди. Бу йил ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тренингларимизни давом эттириб, хотин-қизларга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янгиликлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, ишлаб чиқаришда замонавий илғор технологияларни қўллаган ҳолда иқтисодий самарадорликка эришиш ҳамда чет эл тажрибасини оммалаштириш юзасидан зарур билим, тавсия ва маслаҳатлар берилиб борилмоқда.
- Мен ҳам уйда ўтирган бўлсам-да, мазкур семинар-тренинг дарсларида иштирок этиб, ўзимга керакли бўлган маслаҳатларни олдим, - дейди Каттақўрғон туманидаги “Каттакўрпа” маҳалласида яшовчи Лола Жўраева. - Семинарда томорқада иссиқхоналар ташкил этиш, улардан самарали фойдаланиш, иссиқхонага қандай турдаги экинлар экиш, уруғликни танлаш, касалликларга қарши курашиш ҳамда даромад олиш каби бир қанча масаллаларда билимимни оширдим.
Семинар-тренингларда муваффақиятли иштирок этган хотин-қизларга махсус сертификатлар топширилмоқда.
Ўз мухбиримиз.