Самарқандлик 6 нафар тадбиркор аёл “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди

Самарқандда O’zLiDeP сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловда лойиҳанинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 40 га яқин фаол, ишбилармон, тадбиркор, фермер, ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбирда қатнашчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Нурободлик хусусий тадбиркор Наргиза Бўтаеванинг гўзал соч турмаклари акс этган фотоальбомлари, қўл меҳнати билан ясалган бежирим тақинчоқлари,  шунингдек, нон маҳсулотлари иштирокчилар диққатини тортди.

- Тадбиркорлик соҳасида фаолият бошлаганимга 15 йил бўлди. Ёшлигимдан мунчоқлардан турли тақинчоқлар ясашга қизиққанман. Дастлаб гўзаллик ва келин либослари салони очиб иш бошладим. Жорий йилда давлатдан 80 миллион имтиёзли кредит олдик ва турмуш ўртоғим билан фаолиятимизни мебел ишлаб чиқариш, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида кенгайтиришга қарор қилдик. Келажакда  тадбиркорлик маркази очишни мақсад қилганман, - деди Наргиза Бўтаева.

Танлов натижаларига кўра, Иштихон туманидаги оилавий тикувчилик корхонаси раҳбари Гуллола Равшанoва ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Бибихоним” ўқув маркази директори Дилфуза Ғаффорова  3-ўринга муносиб деб топилди. Нуробод туманидаги хусусий тадбиркор Наргиза Бўтаева ва Самарқанд шаҳридаги “Хуршида ширинликлари” оилавий корхонаси раҳбари Хуршида Ҳақбердиева 2-ўринни қўлга киритди. Тойлоқ туманидаги “Эъзоза ЭКО-НУР” корхонаси раҳбари Орзигул Бўриева ва Самарқанд туманидаги ”Зулхумор” хусусий корхонаси раҳбари Зулхумор Зоҳидова 1-ўрин соҳиби бўлди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.