Ижтимоий тармоқ ёшларнинг вақтини ўғирлаяпти

Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга шу қадар чуқур кириб келдики, айниқса, бугунги ёшларнинг кундалик фаолиятини уларсиз тасаввур этиб бўлмай қолди. Telegram, Instagram, YouTube, TikTok каби платформалар ёшлар учун мулоқот, ахборот алмашинуви ва ўзини намоён этишнинг асосий майдонига айланди. 

Шу боис бу тармоқларнинг ёшлар онгига кўрсатаётган таъсири жиддий таҳлилни талаб этади. Ижтимоий тармоқларнинг ижобий имкониятлари шундаки, ёшлар дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликлардан бир зумда хабардор бўляпти, онлайн таълим платформалари орқали билимини оширмоқда. Айниқса, талабалар YouTube ва Telegramдаги бепул дарслар орқали чет тилларини ўрганиб, халқаро сертификатларни қўлга киритяпти. Айрим ёшлар IT, дизайн ёки маркетинг бўйича билим олиб, масофадан туриб даромад топишга эришмоқда. Қўшиқ куйлаш, шеър ёзиш, рассомчилик ёки ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ёшлар ўз ижодини ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка намойиш қилаётир. Масалан, оддий телефон орқали суратга олинган видеолар сабаб ижодкор ёшлар машҳурликка эришиб, кўплаб тенгдошларини илҳомлантиряпти. Тадбиркорлик билан шуғулланаётган йигит-қизлар Instagram ва Telegram орқали маҳсулотларини реклама қиляпти.

Қолаверса, ижтимоий тармоқлар ёшлар орасида фаоллик ва ташаббускорликни ҳам оширмоқда. Турли хайрия акциялари, экологик тозалаш тадбирлари ёки ижтимоий муаммолар бўйича муҳокамалар айнан шу платформалар орқали жамоатчиликка етиб боряпти. Масалан, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш ёки оғир касалликка чалинган болалар учун маблағ йиғиш акциялари ижтимоий тармоқлар орқали ташкил этилмоқда. Бу эса ёшларнинг жамият ҳаётига бефарқ эмаслигини кўрсатади.

Бироқ ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатлари ҳам борки, улар сабаб ота-оналари фарзандларининг вақтини назорат қилолмаяпти. Ёшларнинг аксарияти вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлаб, ўқиш ва меҳнат фаолиятини иккинчи ўринга суриб қўймоқда. Жумладан, дарсга, имтиҳонларга тайёрланиш ўрнига тун бўйи видеолар томоша қилиш оқибатида уларнинг билим даражаси пасайиб боряпти.

Бундан ташқари, сохта ахборотлар ва зарарли ғоялар ёшлар ўртасида тез тарқалмоқда. Айрим ёлғон хабарлар ёки тарғибот материаллари ёшлар орасида ваҳима ёки нотўғри қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлаётир. Танқидий фикрлаш кўникмаси етарли бўлмаган ёшларда ахлоққа зид контент таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли ошиб боряпти. Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган қиммат автомобиллар, ҳашаматли ҳаёт тарзи ва доимий саёҳатлар акс этган суратлар, видеолавҳалар ёшларни ҳаётидан норози бўлишга ундамоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, доимий солиштириш ўзига бўлган ишончнинг пасайиши, руҳий тушкунлик ва ҳатто депрессияга олиб келиши мумкин экан. Ёшлар виртуал образлар ортидаги реал меҳнат ва қийинчиликларни кўрмай, тез муваффақиятга эришишни орзу қилмоқда. Ижтимоий тармоқларга ҳаддан ташқари берилиш ахлоқий ва маданий қадриятларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Маданиятимизга хос бўлмаган айрим хатти-ҳаракатлар, тил ва кийиниш услубининг кўр-кўрона кўчирилиши миллий ўзлигимизнинг заифлашишига олиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига кучли таъсир кўрсатадиган замонавий восита. Ундан тўғри ва мақсадли фойдаланилгандагина у билим, тажриба ва тараққиёт манбаи бўла олади.

Дилфуза УМИРОВА

Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси.