Нафс ғолиб, соғлиқ мағлуб бўлмасин!
Кўпчилик “101” фильмини кўрган. Унда 1941 йилда Смоленск яқинида асирга тушиб, кейин Голландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек йигитининг фожиали тақдири ҳақида сўз боради.
Бу йигитлар нацистлар раҳбари Йозеф Геббельс буйруғи билан немис тарғиботи учун махсус танлаб олинади ва фашистлар улар орқали “совет асирлари оч, ожиз”, деган тасаввурни яратишни кўзлайди. Шу мақсадда йигитлар қасддан узоқ вақт оч қолдирилади. Сўнг суратга олиш ишлари бошланади ва улар олдига бир дона нон ирғитилади. Бироқ воқеа кутилганидек кечмайди. Очликдан ҳолсизланган йигитлар бир лаҳза жим туришади, кейин улардан бири нонни эҳтиёткорлик билан олиб, тенг бўлакларга бўлади ва ҳар бир асирга ўз улушини узатади. Ҳеч ким нон учун талашмайди, ҳеч ким бошқасининг ҳақига кўз тикмайди.
Фильмда бир бурда нонга қаноат қилган қаҳрамонларимиз ўз қадриятини, сабр ва шукурни ҳаётий мезон, деб билган миллат қиёфасини намоён этади. Аммо сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган айрим ҳолатлар бу қадриятга зид тушмоқда. Овқат ейиш мусобақалари, “ким кўп ейди”, деган беллашувлар, пул тикиб ўтказиладиган “хўрандалар баҳси” каби жараёнлар на қаноатга, на маданиятимизга мос келади. Тасвирларда камида ўн кишилик ошни тўрт киши тановул қилаётганига кўзингиз тушади. Бу ҳолат эндиликда бошқа таомларга ҳам кўчган. Буюртма сомсадан тортиб, товоқ-товоқ гўштхўрликкача, ҳатто қурт ва банан ейиш борасида баҳсга киришадиганлар видеоси кўпайди.
Хавотирлиси, атрофдаги завқ билан томоша қилаётганларнинг аксарияти ёшлар. Бу каби ҳолатлар шахсий танлов сифатида оқланса ҳам, тобора оммалашаётгани билан жамиятнинг маънавий муҳитига таъсир этмай қолмайди. Биринчи навбатда, бундай беллашувлар соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Овқатни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш нафақат ошқозон ва ҳазм тизимига зарар етказади, балки узоқ муддатли оқибати ортида семизлик, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари каби оғир хасталикларга сабаб бўлиши мумкин.
Бу “кўнгилочар” шоу-мусобақада ғолиб деб топилган иштирокчи аслида мағлуб. Қўлга киритилаётган арзимас соврин унинг учун энг катта бойлик саналмиш саломатлик бадалига киритиляпти. Бундан ташқари, бу каби овқатланиш мусобақаларининг инсонга ижтимоий ва психологик таъсири ҳам бор. Беллашувларнинг шоу тарзида ташкил этилиши ва ижтимоий тармоқларда оммавий тарқалиши, айниқса, ёшлар онгида нотўғри дунёқарашни шакллантириши мумкин. “Кўп ейиш” орқали эътибор қозониш ёки моддий мукофот олиш ғояси соғлом ва маънавий қадриятларга зид бўлиб, жамиятда меъёрсизлик ва исрофгарчиликни тарғиб қилади. Шу боис бундай шоу-мусобақаларга муносабатда соғлом тафаккур ва масъулиятли ёндашувни шакллантириш жуда муҳим.
- Овқат ейиш мусобақалари бугун оммавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда, - дейди психолог Назокатхон Йўлчибоева. - Кўплаб йирик медиа майдонлар ва интернет платформалари бу турдаги мусобақаларни тарғиб қиляпти. Беллашувларнинг шоу ва кўргазмали кўринишда ижтимоий тармоқларда тарқалиши эса ёшларда нотўғри руҳий моделларни шакллантириши эҳтимоли катта. Иштирокчиларнинг саноқли дақиқаларда юқори калорияли таомларни истеъмол қилиши кўпинча “тезкорлик” ва “жадаллик” рамзи сифатида кўрсатилади. Бу эса ёшлар орасида соғлом овқатланиш одатларини бузади, ортиқча истеъмол ва ёт одатларнинг шаклланишига олиб келади. Ижтимоий босим ҳам сезилади. Айримларда “Мен ҳам шундай қила оламан”, “Ундан нимам кам?” каби фикрлар пайдо бўлиш эҳтимоли катта. Илмий нуқтаи назардан қараганда, бундай мусобақалар организмнинг табиий сигналларига зид ҳаракат ҳисобланади. Табиий тўқлик ва тўйинганлик ҳисси сунъий равишда бузилади. Бу нафақат ошқозон-ичак тизими, балки бутун организм учун стресс манбаи бўлади. Шу сабаб бундай мусобақалардан воз кечиш, парҳезли, сифатли овқатланишни асосий қоидага айлантириш яхшироқ.
Тўғри, бугун юртимизда озиқ-овқат мўл, таомлар хилма-хил, газак ва қайлалар, генно-модификация қилинган маҳсулотлар ва трансёғлар ёрдамида янада лаззатли бўлган. Газли ичимликлар ва турли шарбатлар ҳам иштаҳани очишга хизмат қилади. Шунинг натижасида баъзан бир ўтиришда икки-уч хил таомни, устидан салатлар, мева шарбатлари ва ширинликларни ҳам истеъмол қиляпмиз. Тўйларда бу ҳолат янада кўпроқ кузатилади: таомлар сероб ва ранг-баранг - одамни кўпроқ ейишга ундайди. Аммо шундай мўл-кўл ва турли хил егуликлардан фойдаланишда меъёрни сақлаш жуда муҳим. Етарли миқдорда таомлансак, танимизга жабр қилмаймиз. Буюк ҳаким Арастудан “Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?” деб сўрашганида, шундай жавоб берган экан: “Бошқалар ейиш учун яшайди, мен эса яшаш учун ейман”.
Хавотирлиси, ҳозирги кунда ейиш учун баҳслашадиган, “мечкайлик” мусобақаси ишқибозлари сони кескин ортиб бормоқда. Илгари бундай тадбирларда ошхоналарга иштирокчилар асосан йўл-йўлакай, тасодифан қатнашган бўлса, ҳозир бошқа шаҳарлардан келиб, ғолиб бўлиш, ижтимоий тармоқ “юлдузи”га айланиш орзусидагилар оқиб келмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда кўпинча ошхона эгалари мижозлари сонини ошириш мақсадида ғолибни тақдирлаш жараёнини тантанали ташкил этади. Бироқ улар бу билан чекланиб қолмайди - янги, янада “қудратли” иштирокчиларни чорлаш орқали рақобат муҳитини кучайтиришга ҳаракат қилади. Агар шундай турдаги “мечкайлик” мусобақалари оммалашаверса, уларнинг ғолиблари қаҳрамон сифатида тарғиб этилса, табиийки, уларга тақлид қилувчилар сони ортиб бораверади.
Аммо ўйлаб кўришимиз керак. Бу “чемпионат”лар ортида нималар ётибди? Ким аслида ғолиб — инсонми ёки нафс? Аслида бундай мусобақаларда инсон нафсининг ғалабаси намоён бўлади. Қатнашчи овқатни эмас, аксинча, ортиқча овқат унинг соғлиғини, умрини ейиши мумкин. Овқатланишдан қорнимиз эмас, кўнглимиз тўлсин.
Шуҳрат Нормуродов.