Қайтаётганимиз чин бўлсин!
Тўғриси, бу ҳақда ёзаман, деб анчадан бери ўйлаб юргандим. Лекин баъзи нарсалар ҳақида қоралаш ўтмишни қоралаш билан тенглаштирилгандай тасаввур уйғотади ва қайсидир маънода кишини ғаш қилади. Ғашликки, ўз яшаб ўтган умрингни ёмонотлиқ қилиб нимага эришасан, энди буёғига хатолардан холи яшашга жазм қилгину, йўлингда давом эт, деган ички иддаолар ҳам тинчлик бермайди одамга. Аммо...
Суд бор, қонун бор...
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи видеолавҳаларни кўриб, яна ўша “дард “ тинчимни ўғирладим. Тўй қилаётган оддий бир хонадон бекалари куёвнинг “тўққиз товоғи”га (аксар вилоятларда куёв келинни олиб кетишга келганда унга ва куёв жўраларга тўққиз хил таом ва ширинликлар тортилади) ароқ ҳам тортишаётганини кўриб, ёқа ушлайсан одам.
Яна бир тўйда Хоразм лазгисига қарийб ярим-яланғоч рақсга тушаётган аёл ва унга қарсак чалиб турган одамларимизни кўриб, ҳайратинг икки карра ошади.
Мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг бир-бири билан жиққамушт бўлиб, соч юлишаётгани видеолари тарқалиб кетганидан кейин бу ўқитувчи ўқувчисига қандай тарбия бериши мумкинлигини тушунмай кузатамиз.
Мактаб раҳбари гўёки адолат излаб, бутун халққа мурожаат қилсаю, ортидан ўзининг “айшлари” намойиш этилган видеолар тарқалиб кетса ҳам юзсизларча чиқишида давом этаверса. Унинг ишини суд ҳал қилади, адолатли суд керак бизга, дея ҳайқираётган оломон гўёки унинг ЎҚИТУВЧИ эканини унутиб қўйгандай, туюлади менга. “Ҳа, суд бор, қонун бор, аммо шу билан бирга виждон ҳам бор” дея кўпчилигимизга ёд бўлиб кетган бу жумлаларни бир пайтлар этимиз жимирлаб эшитардик. Энди буни виждоннинг сариқ чақалик аҳамияти қолдими, деган маънода, энсамиз қотганча, тезроқ тугата қолса бўлмайдими гапини дея эшитамиз.
Қайси фикр шов-шувли бўлса осонгина эргашамиз. “Фалончи шунақа деяпти” дея ҳеч иккиланмай унинг измига тушиб қолганимизни сезмай ўтиб кетяпмиз. Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетаяпмизу изоҳларни ўқисангиз, ўзбек тили қачон шундай аҳволга келди, дея йиғлагингиз келади. Олий маълумотлисидан тортиб, ўрта мактабни зўрға битираётгани ҳам ошкора хато билан ёзади ва бундан зиғирча уялмайди.
Буларнинг ҳаммаси йиғилиб умумий бир савиямизни, янаям очиқроқ айтсак, савиясизлигимизни кўрсатиб беради.
Ҳали кўп қийналамиз!
Ҳа, худди шундай, ҳали анча йиллар бундай савиядан азоб чекамиз. Кейинги пайтда ижтимоий тармоқлардан бундан ўн йиллар аввал ҳам аҳволимиз бу даражада эмасди, савия тушиб кетган, таълим ўлгани, каби саннашларни эшитиб қоламиз. Яшириб нима қилдик, ҳатто зиёлиларимизнинг ўзи ҳам жуда оғир аҳволда қолдик, дейишади. Хўп, нега, қачондан бери шу аҳволга келдик ўзи?!
Ўқитувчиларни кўча супуришдан тортиб, пахта йиғим теримида ишлатиб, обрўйини бир пул қилган кунлардан бошланмадими ҳаммаси? Ойлик-маошларини чақалик қилиб, яхши ўқитувчиларнинг мактабдан қочишидан бошланмаганмиди бу саводсизлик?
Таълим тизимида гўёки йирик сакрашлар амалга ошди, аммо бори ҳам йўққа чиққан йилларни эсланг. Ҳавойи ҳаваслар, тўкилиб турган мактаблар ёнида ҳали ҳеч қандай пойдевори йўқ, ўқиганга иш йўқ, иш бўлса ойлик йўқ йўлга олиб борувчи салобатли коллежлар қурилишига сарфланди жуда катта маблағ. Бор таълим тизимини авайлаб-асраш, уни секинлик билан ўзгартириш ўрнига яна катта одимлар ташланди. Ўқув дарсликларидан тортиб, яна нималардир ўзгарди. Лекин арзимаган ойлигу, кўча супуришга доимий жалб этиладиган ходимлардан таълимга қандай фойда келиши ҳали у пайтлар унча билинмасди. Чунки таълим тизимида қолган фидойилар бор эди.
Олий таълим даргоҳларига кириш учун тест тизими фақат бошланишида адолатли бўлдию кейин нақ “отчопар бозори”га айланди. Фалон институтнинг нархи бунча, бунисиники мунча... Ҳаммасининг аниқ нарх-навоси чиқарилди. Ўқиш ҳам шунга қараб давом этди. Аслида, олий таълим тизимдаги аҳвол ҳам ўрта таълимдан қолишмасди. Ушбу тизим ходимларининг ҳам обрўйи тушиб кетган, маошларнинг қисқариши билимли ўқитувчиларнинг Ватандан кетиши ёки бошқа соҳага ўзини уришига сабаб бўлди. Илмий иш қилиш харажатларига маблағ топа олмай ўз тадқиқотларини билими ҳаминқадарларга пуллаган инсонлар четда, пана-пастқамда юрди. Улар рўзғор тебратишни ўйлашди, фанга янгилик қилиш, мамлакат ижтимоий ҳаётига янгилиги орқали фойдаси тегиши ҳақида ўйлашга уларнинг ҳоли ҳам, қурби ҳам етмасди.
Китоб ўқиш энг номаъқул ишдай кўринди, ёшлардан ўша йиллари китоб ўқиш ҳақида сўрай олмасдингиз.
Бугун таълимнинг мана шу тизимини ўтаганлар қаерлардадир (асосан мактабларда, умуман таълим тизимида) иш бошлаган. Улар жуда кўпчилик. Ўз устида ишлаганлари бугун яхши натижаларга эришиб, соҳада ўз ўрнини топаяпти. Аммо беш бармоқ бир хил эмасда....
Биз бугун мана шу тизимининг азобини тортамиз ва бу жараён ҳали кўп давом этади. Китобсизликнинг, таълимга нисбатан хиёнатнинг азоби бизни яна кўп йиллар қийнаши табиий. Чунки таълимдаги бу хатолар дарҳол ўз натижасини кўрсатмайди, ўқишни билмаган ота-боболаримиз билан суҳбат қилсангиз ҳам бу ҳақда айтиб беришади.
Китоби йўқ кутубхоналар эди мақомимиз
Яқин йилларда таълим тизимида кишига умид берадиган ўзгаришларни кузатиб боряпмиз. Лекин энг қизиғи, бу ўзгаришлар ҳақида таҳлил қиладиган ўқитувчилар саноқлилигича қоляпти. Сабаб ўша – минг оғриқли бўлмасин, китоб ўқимаган авлоднинг бугун турли тизимларда иш олиб бораётганидадир.
Китоб ўқиш ва уни рағбатлантириш билан боғлиқ ҳаётбахш муждалар бундан бир неча йил олдин бошлангани ҳақида яхши биласиз. Ўшанда китоб ўқийдиган болага автомобиль совға қилиш ҳам йўлга қўйилди ҳатто. Бу ташаббусга баъзилар ??? қотиб билан қараган бўлса-да, аксар зиёлилар хурсанд бўлди, қувонч билан қарши олди бу ташаббусни! Ахир ўша пайти бундан бошқа йўл йўқ эди, иш топиш, Россияга кетиш ва оила боқишдан бошқасини ўйламайдиган ҳамюртларим учун чин маънода китобга қайтиш даври бошланди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, китобхонлик танловида ғолибликни қўлга киритган қизча ҳақида мақола тайёрламоқчи бўлиб, у ўқиган мактабга бордим. Мактаб кутубхонасида уни тасвирга олмоқчи эдик. Кутубхоначини анча қидиришди ва кутубхона эшиги очилгандаги ҳайратим ҳали ҳам мени тарк этмаган. Китоблар териладиган расталар бир иккита ўқув дарсликларию илмий адабиётларни айтмаса, деярли бўм-бўш эди. Кейин билсак, ғолиб қизнинг ота-онаси оддий инсонлар бўлса ҳам боласининг ўқиши учун туман марказидаги ягона китоб дўконидан китоб сотиб олиб келар, баъзиларини ижрага олиб, ўқиб бўлгач, қайтариб берар экан. Ўшанда ҳали китобга садоқатли одамларимиз кўп, дея ишонгандим. Бу ишонч мамлакат миқёсида, амалий ҳаракатлар ила қулоч ёзди.
Аслида китобхонлик “ўлими”га сабабни айнан ўзи бору, китоби йўқ кутубхоналардан излашимиз керак эди. Ва бу сабаблар топилди, таҳлил этилди, унга қарши чоралар кўрилди.
Кейинги йилларда бу масалада натижаларни айтиш ҳам шартмас, ҳаммасини кўриб турибмиз. Ҳар бир туманда замонавий кутубхоналар қад ростлади, кутубхоналар бадиий адабиётлар билан бойитилди. Ҳалиям бу ишлар давом этаяпти.
Китоб ўқиган ходимга мукофот!
Йил бошида мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорни ўқиб, юқоридаги “китобхўрликлар” тўхтаб қолмаслиги, тизимли давом этаётганидан кўнглимиз хотиржам тортди.
“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори аввалидаёқ асосий мақсад айтилган: Яъни, қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланди.
Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.
Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади:
танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш ва асарларини нашр этиш, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида 1 йилгача БҲМнинг 50 баравари миқдорида ҳар ой ҳақ тўлаш;
энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш;
васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан:
аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади;
давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;
умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этилади:
клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади;
мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади;
ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.
2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади;
китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади;
танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.
Шунингдек, энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.
Хулоса
Мақолада китоб ўқимасликнинг бугунги баъзи кўринишларинигина баён қилдим, холос. Аслида оиладаги муаммолар, нотинчлигу, ташвишлар, умуман, ҳамма соҳада бунинг яққол ифодаси кўзга ташланади. Фақат чин дилдан кузатсангиз, таҳлил қилсангиз бу фарқларни дарҳол илғай оласиз.
Тўғри, мақолани ўқиб, ўқувчиларимиз муаллиф жамиятдаги бор муаммоларни китоб ўқимасликка бориб тақабдику, деб ўйлаши мумкин. Шу ўринда оммавий ахборот воситаларида жуда кўп тарқаладиган баъзи рақамларни айтиш жоиз эди. Хусусан, ривожланган мамлакатлардаги аҳолининг китобхонлиги билан биздаги вазият рақамларда қанчалик фарқ этишини кўрсангиз, аслида барча муаммолар китобсизликка бориб тақалишини яққолроқ ҳис қиласиз. Лекин бу рақамларни келтиришни жоиз деб топмадим. Чунки мамлакатимизда ҳам яқин йилларда китобхонлик даражаси кескин кўтарилишидан умидим бор ва ўшанда шу рақамларни биринчилардан бўлиб айтишни кўнглимга тугдим.
Гулруҳ МЎМИНОВА.