Ота-она низоси оқибатида руҳий жароҳат олган болани ким даволайди?

Оилаларда содир бўлаётган ота-она ўртасидаги келишмовчилик ва низолар оқибатида келиб чиқадиган зарбалар аввало, болаларга берилади. Чунки ҳар қандай можаро бола руҳияти ва келажагига таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам жамиятимизда болаларни зўравонликнинг турли шаклларидан асраш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Шунга қарамасдан, болаларга ота-оналар ва атрофдаги бошқа шахслар томонидан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг янгича кўринишлари учрамоқда.

Жумладан, хориждаги отага ёки онага фарзандини шафқатсиз ҳолатда жазолаб, ижтимоий тармоқларга жойланаётгани каби тубанликларга гувоҳ бўляпмиз. Бу қилмишларни амалга оширган шахслар, албатта қонуний жазосини олади. Аммо бола қалбига олинган руҳий жароҳатларни ким даволайди?

Ота-она ўртасидаги тортишувлар кўпинча моддий муаммолар, ўзаро тушунмовчилик ёки характерлар тўқнашуви сабабли юзага келади. Баъзан кичик тушунмовчиликлар вақтида бартараф этилмагани сабабли катта муаммога айланади. Бу ўринда кўпчилик ота-оналар бир нарсани унутади - ўзаро тортишувларга болаларнинг гувоҳлигини. Жанжал яширин тарзда бўлса ҳам, совуққонлик, гаплашмаслик, кескин муҳит болага таъсир қилади. Бола ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. Унинг қалбида қўрқув, хавотир ва ишончсизлик пайдо бўлади.

Энг ёмони, жанжалли хонадонда катта бщлаётган фарзандлар мактабда қийналади, тенгдошлари билан мулоқот қилишда муаммоларга дуч келади. Ачинарлиси, улар келажакда ўз оиласини қуришда ҳам ота-онасидан кўрган салбий муҳитни такрорлайди.

Ажрим ҳолатларида бола ота-онадан бирини танлашга мажбур бўлади, албатта иккинчисига соғинч ҳисси билан яшаш унинг қалбида чуқур жароҳат қолдиради. Ота-она ўзаро аламини фарзанд орқали олишга уриниш эса вазиятни янада оғирлаштиради.

Боланинг руҳиятига таъсир қиладиган яна бир жиҳат, у ўзини айбдор ҳис қилади, ота-онасини яраштириш учун ортиқча масъулиятни зиммасига олганлиги боис болада тажовузкорлик кузатилади.

Оқибатда боланинг мактабдаги ўқиш кўрсаткичлари ёмонлашади, тенгдошлари билан мулоқотда қийналади, доимий хавотир ва тушкунлик ҳисси устунлик қилади, келажакда соғлом оила қуриш борасида қўрқув ёки нотўғри тасаввурлар пайдо бўлади. Хавфлиси, бола ота-онасидан кўрган низоли муносабат моделини онг остида қабул қилади ва катта бўлгач, ўз ҳаётида ҳам такрорлайди.

Нуробод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мисолида кузатилган ҳолатларга кўра, ўтган йил давомида юзга яқин болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, уларнинг отаси ёки онаси ҳамда яқин қариндошлари билан учрашиб туриши учун суд томонидан хулосалар берилган. Уларнинг манфаати йўлида суднинг қарорлари қабул қилинган бўлса-да, қарорлар айнан ота-она ўртасидаги низолар туфайли ижро қилинмасдан ёки ижро органлари томонидан бир марта ижро қилиниб, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу эса вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келмоқда. Яъни, болалар отаси ёки онаси, яқин қариндошлари билан кўришиб, уларнинг меҳридан баҳраманд бўлиш бахтидан маҳрум бўлмоқда.

Ёки, бошқа ҳолатларда болаларга ундириб берилаётган алимент маблағларининг ундирувчи томонидан ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборилгани, эр-хотин ўртасидаги низо туфайли вояга етмаган болаларнинг отаси ёки онаси, яқин қариндошлари билан учрашиб туриши учун фаол қаршиликлар кўрсатиб келиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатда камдан-кам фуқаролар суд ёки бошқа ижро органлари орқали ўз ҳаққини талаб қилиши ва болалар манфаатини ўйлаши мумкин.

Ҳатто, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга васийлик ва ҳомийлик тайинлашда ҳам юқорида қайд этилган ҳолатлар бор. Оқибатда болаларнинг соғлиғи, таълими ва моддий таъминоти билан боғлиқ масалаларда муаммолар юзага келмоқда.

Ота-она ўртасидаги низо ажрим билан якунланса, боланинг руҳий зарбаси янада кучайяпти. Бола икки олам ўртасида қоляпти. Баъзан ота-оналар фарзандини ўзаро баҳс воситасига айлантиряпти.

Демак, ҳар қандай вазиятда ота-она фарзанд манфаатини биринчи ўринга қўйиши шарт. Можарони болалар олдида ҳал қилмаслик, уларни катталар муаммосига аралаштирмаслик жуда муҳим. Чунки ўзаро ҳурмат ва мулоқот маданияти оиладаги тинчликнинг асосий омили.

Агар келишмовчиликлар чуқурлашиб кетса, психолог ёки оилавий маслаҳатчи ёрдамидан фойдаланиш фойдали бўлади. Муҳими, бола ҳар қандай шароитда ота-онасининг меҳрини ҳис қилиши керак. У ўзини ҳимояланган, қадрланган ва севиб турилганини билиши зарур.

Тадқиқотларга кўра, ота-онаси доимий жанжал қиладиган оилаларда вояга етган болаларнинг ўқиш кўрсаткичи ўртача 20–30 фоизга паст бўлади.

Ҳақиқат шуки, ота-она низосида ғолиб бўлмайди. Баҳсда ким ҳақ, ким ноҳақ экани вақтинчалик масала бўлиши мумкин. Аммо бола руҳий жароҳат олса, унинг оқибати узоқларга чўзилади. Шунинг учун ҳар бир ота-она ўз сўзи ва ҳаракати учун масъул эканини унутмаслиги керак.

Ҳар бир бола меҳрибон оилада улғайишга ҳақли!

Отабек КАРИМОВ,

Нуробод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбаси мудири.