“Қизингни ўқитсанг, шаҳар оберармиди?”

Ушбу ибора бугун эскирдими?

Бир танишимни учратиб қолдим. Ўқимишли, дилбар аёл. Битта ўғлини уйлантирган, иккинчи ўғли ҳам олийгоҳни битириб, яхши даргоҳда ишлаётганига 3-4 йил бўлиб қолди. Ҳозир шу ўғлига келин қидираётган экан. “Яхши қизларни тавсия қилинг, элнинг ичида юрасиз”, дейди. Яқиндагина қизини ҳам узатганди.

- Опа, қиз чиқарганга 40 йил тегма, дейишади. Яқинда тўйдан чиққан бўлсангиз, яна тўй қиламан, дейсизми, - дедим ҳазил қилиб.

- Бу мақол эскирди. Ўғлим бир неча йилдан бери ишлаяпти, шукр. Топганини ўзига ишлатамиз, рўзғорга қўшмаймиз. Қизим ҳам бизни ортиқча қийнагани йўқ, деди-ю, ақлни шоширадиган айрим гапларни айтиб берди.

Опахоннинг айтишича, қизи Тошкентда магистратурани тугатяпти, бакалаврни эса Сингапурда молия ва банк йўналиши бўйича тамомлаган. Ҳозирда Дубайга тегишли компанияда ишлайди ва ойига 2000 $га яқин маош олади.

Эри, яъни опахоннинг турмуш ўртоғи қизини узатаётган томонга шарт қўйибди: “Мен қизимни қийналиб, катта контракт тўлаб, Сингапурда ўқитдим. Қизим яхши пул топяпти. Қизим топаётган пулнинг тенг ярмини, ҳар ойда (1000 $), 4 йил давомида менга берасизлар. Шунга кўнсанглар, қизимни беришим мумкин”.

Шунақасиям бўларканда-а? Қизи мана, 4 ойдан бери отасига 4000$ юборибди. У яна 4 йил отасига қарзини тўлайди...

- Қизми, ўғилми ўқитинг! Илм олсин, халқаро мутахассис бўлса, “пичоғингиз мой устида” бўлади, - дейди танишим.

Мен эса ҳайратланганимдан “ҳалолингиз бўлсин-э”, деб юборибман.

Биз “Қизингни ўқитсанг, шаҳар оберармиди? Эртага бошқа оилага кетади, фойдасини ўшалар кўради”, деган гапга ишониб юрибмиз.

Ростдан, баъзи ибораларимиз эскирганмикан-а?

Нима дедингиз?

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.