Нега фарзандларимизга меҳр ўрнига телефон, суҳбат ўрнига интернет, тарбия ўрнига мультфильм беряпмиз?

Бугун жамиятимизда шовқинсиз, аммо ўта хавфли бир фожиа содир бўлмоқда. Бу фожиа табиий офат эмас, уруш эмас, очарчилик ҳам эмас. У ҳар бир уйнинг ичида, ҳар бир оиланинг қўлида. У – телефон.

Биз уни тараққиёт деб қабул қилдик, аммо у аста-секин тарбияни, муносабатни, меҳрни, энг ёмони, болаликни йўқ қилиб бормоқда.

Бугун бир хонадонда беш-олти киши яшаса, камида шунча телефон бор. Бир дастурхон атрофида ўтириб, ҳар ким ўз экранига тикилган. Бир уйда, бир ҳавода, аммо бир-бирига бегона одамлардек яшаяпмиз. Бу манзара энди ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Аслида эса бу жамият учун жиддий огоҳлантирувчи сигнал.

Бир пайтлар уйимизда битта телефон бўлар эди. У ҳам отамизда ёки онамизда бўларди. Шу телефон бутун оила учун етарли эди. Ҳеч ким руҳан етишмовчиликни ҳис қилмасди. Болалар кўчада жисмоний, миллий ўйинларни ўйнаб чарчар, уй ишларига ёрдам берар, китоб ўқир, дарс қилишга шошарди. Дарс қанча кўп бўлса ҳам “зерикдим” деган гап кам эшитиларди. Чунки ҳаётнинг ўзи қизиқ эди.

Бугун эса болага “дарс қил” десангиз, жавоб тайёр: “бўлди”, “қилиб бўлдим”. Аммо шу болани телефондан узиб олинг-чи — асаб, йиғи, жаҳл, қаршилик. Телефон ва телевизордан болани узоқлаштириш деярли имконсиз. Чунки биз ўз қўлимиз билан уларни шу ҳолатга ўргатдик.

Яқинда чекка қишлоқдаги қариндошимникига меҳмонга кетаётганимда, кўчада бир ёш онага кўзим тушди. Бир қўлида телефони орқали видео томоша қилиб кетаётган аёл иккинчи қўли билан бола аравачасини етаклаб борарди. Аравачадаги болажоннинг ҳам жажжи қўлларида каттагина телефон, у ҳам қандайдир мультфильм томоша қилаётган эди.

– Кечирасиз, – дедим уни тўхтатиб, гапни нимадан бошлашни билмасдан. – Шу қишлоқда яшайсизми? Марям холанинг уйини сўрамоқчи эдим.

У йўлни тушунтириб берди. Мен бу йўлни яхши билганим учун, унинг гапларига у қадар эътибор қилмай, бошқа савол беришга чоғландим.

– Вой, фарзандингиз жуда ёқимтой экан, кўз тегмасин. Ёши қизим билан тенгдек. Икки яшарми?

– Йўқ, – деди у. – Ҳали ёшига тўлмаган. Ўн бир ойлик.

– Ҳали ёшига тўлмаган болага катта телефон бериб қўйибсизми?

Аёл хижолат бўлмадими ёки ўзини ҳақ деб билдими, билмадим, аммо хотиржам жавоб қилди:

– Оч қорним, тинч қулоғим. Агар телефонни олиб қўйсам, манзилга етгунча бутун қишлоқни бошига кўтаради.

– Барибир бу яхши эмас, – дедим.

– Биламан, – деди у. – Аммо бу роса эрка. Дадаси ўргатиб қўйган.

Гапини исботламоқчидек, боланинг қўлидан телефонни олган эди, у бақириб йиғлашга тушди. Телефонни яна қўлига тутқазганди, бола дарҳол тинчиди.

– Афсус… – дедим бош чайқаб. – Ҳар ҳолда эҳтиёт бўлинг. Бу фарзандингизнинг саломатлигига ҳам, келажагига ҳам таъсир қилади.

Бугун нега хотираси паст, диққати тарқоқ, ўқишга қизиқмайдиган, сабрсиз болалар кўпайиб кетди? Нега энг оддий қийинчиликда йиғлайдиган, арзимаган нарсага жаҳли чиқадиган болалар сони ортди? Бу саволларга жавоб излаш шарт эмас. Жавоб ҳар куни боланинг қўлини, кўзини, онгини эгаллаб олган экранда.

Телефон болага тайёр тасвир беради, тайёр хурсандчилик тақдим этади. У ўйлашга мажбур қилмайди, сабр талаб қилмайди. Шу боис китоб бола учун оғир, зерикарли туюлади. Китоб фикрлашни ўргатади, телефон эса онгни дам олдиргандек қилиб, аслида уни бўшатиб қўяди.

Катталар эса болалардан нолийди: “Болалар телефонсиз яшай олмайди”. Аммо асосий савол бошқа: болани телефонига ким ўргатди? Гўдакка телефонни ким тутқазди? У овқат ейиши учун, йиғламаслиги учун, тинч ўтириши учун ким экранни “қутқарувчи”га айлантирди?

Она боласини бешикда ухлатар экан, ўзи телефон билан банд бўлса, бола кўзини очганидан шу манзарага гувоҳ бўлса, у қандай тарбия олади? У кимдан ўрнак олади? “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бугун жуда ачинарли тарзда ўз исботини топмоқда.

Агар уйда ҳамма қўлида телефон билан банд бўлса, бола билан ким суҳбат қилади? Ким уни тинглайди? Ким унинг саволларига жавоб беради? Ким унга дунёни танитади? Агар боланинг қалби бўш қолса, уни ким тўлдиради? Ота-она эмас экан, демак бошқалар – кўча, бегона муҳит, ширин сўзли, аммо ёмон ниятли одамлар.

Биз болаларимизни кўчадан ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо энг катта хавфни ўз уйимизга ўзимиз олиб кирганимизни тан олишни истамаймиз. Биз фарзандларимизга меҳр ўрнига телефон, суҳбат ўрнига интернет, тарбия ўрнига мультфильм беряпмиз. Бу билан уларнинг саломатлигига зарар етказаётганимизни сезмай қоляпмиз.

– Бундан ўн–ўн беш йил илгари мактабга борсангиз, бир синфда бор-йўғи биргина бола кўзойнак таққанига гувоҳ бўлардингиз, – деган эди бир суҳбатда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали директори, офтальмолог Ботир Тўхтаев. – Бугун эса бир синфнинг ўзида камида беш–ўн нафар бола кўзойнак тақиб ўтирганини кўряпмиз. Бу фақат шифокорга мурожаат қилиб, ташхис қўйилганлари. Ҳали кўзида муаммо бўла туриб, аниқланмагани қанча.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай ҳолат тасодифий эмас. Кўпчилик “нега болалар кўзойнак тақиб қоляпти?” деган саволга ирсият ёки туғма муаммоларни сабаб қилиб кўрсатади. Аммо ҳақиқат анча содда ва бир вақтнинг ўзида хавотирли: асосий сабаб – экранлар.

– Боланинг кўзи табиатан яқин масофага узоқ вақт тикка ҳолда қарашга мослашмаган, – дейди мутахассис. – Телефон, планшет, телевизор қаршисида соатлаб ўтириш кўз мушакларини зўриқтиради, кўриш қобилиятини сусайтиради. Айниқса, бу ҳолат болалик даврида жуда тез салбий таъсир кўрсатади.

Шифокорнинг сўзларига кўра, кўздаги муаммолар кўп ҳолларда секин-аста бошланади. Ота-она эса бола “кўриб турибди-ку” деб, бу ўзгаришларни пайқамайди. Аммо вақт ўтиб, натижа кўзойнак орқали намоён бўлади.

Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Бу – экранлар олдида ўтиб кетаётган болаликнинг, беэътибор қолдирилаётган саломатликнинг яққол огоҳлантирувчи белгисидир.

Бу техника ёки замоннинг айби эмас. Бу — бизнинг танловимиз. Телефон болани тарбия қилмаслиги керак. У восита, холос. Тарбиячи эмас. Биз эса тарбияни унга топшириб қўйдик.

Энг оғир ҳақиқат шуки, биз болаларимизга вақт ажратмаяпмиз. Вақтсиз меҳр бўлмайди. Меҳрсиз тарбия бўлмайди. Тарбиясиз эса келажак йўқ. Биз ўз қўлимиз билан келажагимизга болта уряпмиз. Бу қаттиқ гап, аммо ҳақиқат. Ҳали кеч эмас. Аммо эртага кеч бўлиши мумкин.

Заҳро Ибрагимова,

Нурота тумани.