Ўзбекистонликлар IQ кўрсаткичи бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди

Ўзбекистонликлар Марказий Осиёда энг юқори ўртача IQ (ақлий ривожланиш даражаси) кўрсаткичига эга бўлиб, Қозоғистонни ортда қолдирди. 2025 йилги халқаро когнитив тест натижаларига кўра, Ўзбекистон 96,51 балл билан минтақада биринчи ўринни эгаллади. Бироқ мамлакатда иштирокчилар сони қарийб икки баробар камайиб, 4,7 минг кишини ташкил этгани, натижаларнинг холислиги борасида саволлар туғдирмоқда.

Қозоғистон 95,92 баллга тушди, аммо тест топширганлар сони 2,2 баробар ошиб, 12,6 минг нафарга етди. Қирғизистон (94,48) ва Тожикистон (93,39) ҳам баллар пасайишини қайд этди. Бироқ иштирокчилар сони анча кўпайган. Туркманистон 98,8 балл кўрсатган бўлса-да, атиги 10 нафар фуқаро иштирок этгани сабабли расмий рейтингга киритилмади.

Жаҳон миқёсида етакчилар учлигида Жанубий Корея (106,97), Хитой (106,48) ва Япония (106,3) жой олди. Осиё-Тинч океани минтақаси интеллектуал етакчиликни сақлаб қолмоқда.

Мутахассислар Марказий Осиёдаги умумий пасайишни интеллектуал салоҳият таназзули эмас, балки иштирокчилар қамрови кенгайгани туфайли натижаларнинг янада холис акс этиши билан изоҳламоқда. Ўзбекистон учун бу етакчилик — ютуқдан кўра, таълим ва тадқиқотларда оммавий иштирокни ошириш заруратини кўрсатувчи сигнал сифатида баҳоланмоқда.