Ўтган йил Самарқандда 106 мингга яқин чақалоқ туғилди

Энг кўп туғилиш Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида

Бу ҳақда вилоят адлия бошқармасининг 2025 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

– Ўтган йил давомида вилоятимиздаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан 105 минг 824 та туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган бўлса, 20076 ҳолатда ўлим далолалатнома ёзувлари қайд этилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озоджон Шодиқулов. – Туғилган чақалоқларнинг 54512 нафари ўғил, 51311 нафари қиз болалар. Энг кўп туғилиш Самарқанд шаҳри (29695 та) ва Ургут туманида (12 494 та) кузатилди. 

Шунингдек, йил давомида 31539 та никоҳ (жумладан, 143 таси чет эл фуқаролари билан) тузилди. Никоҳлар сони Ургут тумани (4480 та), Самарқанд шаҳри (4353 та) ва Паст Дарғом туманида (2 894 та) бошқа ҳудудларга нисбатан кўп бўлди.

Ўтган йил вилоятда 4829 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган. Ушбу ажримларнинг 3797 таси суд қарорлари асосида, 1035 таси ФҲДЁ бўлимлари томонидан амалга оширилган.