Республика ишчи гуруҳи Самарқанддаги спорт объектлари ва спортчилар фаолияти билан танишди

Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти ҳудудлардаги спорт инфратузилмасининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

 Расмийларни вилоят ҳокими Адиз Бобоев кутиб олди.

Ишчи гуруҳ ташрифни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Меҳмонлар мажмуада яратилган шароитлар ва амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, улуғ аллома меросини ўрганишди ва юксак эҳтиром изҳор этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Самарқанд шаҳридаги Ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлиб ўтаётган “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи жараёнлари билан танишди.

Мусобақа доирасида Республика ишчи гуруҳи вакиллари спортнинг пара бадминтон, пара шахмат, пара стол тенниси, пара енгил атлетика турлари бўйича беллашув жараёнлари кўздан кечирди. Муассасага ташриф доирасида пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионлари Улжаной Амриева, Кемран Нуриллаев ва уларнинг мураббийлари билан учрашди.

Шунингдек, Самарқанд давлат педагогика институти ижтимоий фанлар факультети, жисмоний маданият ва спорт кафедраси спорт залида ташкил этилаётган машғулотлар, мажмуанинг ҳолати, яратилган имкониятлар ҳамда машғулотлар жараёни ўрганилди. Спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ташриф давомида масъуллар спортчи ёшлар билан учрашиб, уларнинг ютуқлари, машғулот жараёнлари ҳамда келгусидаги режалари билан қизиқди. Ёш спортчилар, талабаларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, юқори натижаларга эришиш йўлида қатъиятли бўлиш зарурлигини таъкидлашди.

Республика ишчи гуруҳи Иштихон туманида ҳам ўрганиш ишларини амалга оширди. Хусусан, туманда аҳоли ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш ҳамда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли спортчиларни селекция қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.

Ўрганиш жараёнлари давомида ишчи гуруҳ вакиллари жойларда яратилган шарт-шароитлар, мавжуд спорт инфратузилмаси, ёш спортчиларнинг машғулот жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, спорт мактаби шуғулланувчилари учун юқори натижага эришган спортчилар Навбаҳор Ҳамидова, Нигина Ўктамова иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

Республика ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти билан ҳам танишди.

Муассасада “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи — “Ҳоким Олимпиадаси" доирасида бўлиб ўтаётган мусобақаларга эътибор қаратилди. Мусобақа иштирокчилари билан суҳбатда уларнинг мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган "Президент Олимпиадаси"да юқори натижаларни қўлга киритишларига ишонч билдирилди.

Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги 2-сон спорт мактабида спортнинг бадиий гимнастика, шахмат турлари бўйича ташкил этилаётган машғулотларни ҳам ўрганди. Ўрганиш жараёнларида вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этди.

Яқинда мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган оғир атлетика зали спортчилар учун янада қулайлик яратиб, профессионал спортчиларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ташриф доирасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони Афрўза Ҳамдамова ҳамда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Шарофиддин Амриддинов томонидан ёш ва умидли спортчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.