Тест синовлари ўтган йилгидан нимаси билан фарқ қилади?

Ҳукуматнинг 2025 йил 13 сентябрдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Олий таълим муассасаларига қабулда фанлар мажмуасида чет тили мавжуд бўлган таълим йўналишларига қабул қилишда B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади.
Шунингдек, B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади. Ушбу тартиб жорий ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади ва фанлар мажмуасида биринчи ёки иккинчи белгиланган бўлишидан қатъи назар, барча чет тилларидан олинган сертификатларга жорий этилади.
 
Асосий ва мажбурий фанлардан сертификати бор абитуриентлар тест синовларида иштирок этмайдими?
Барча фанлардан сертификатга эга бўлган абитуриентлар биринчи босқичда my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтадилар. Улар имтиҳон топширмайдилар ва тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди, холос. Маълумот ўрнида шуни айтишим мумкин, ўтган йили вилоятимизда барча фанлардан сертификатга эга бўлган абитуриентлар сони 69 нафарга етганди.
 
Самарқандда кириш имтиҳонлари қаерларда бўлади?
Самарқанддаги кириш имтиҳонлари еттита бинода бўлиб ўтиши режалаштирилган. Жумладан, вилоятимизда бир сменада жами 4110 ўрин жой тайёрланмоқда.
Улар қуйидагилар:
- Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Самарқанд вилояти биноси (1200 ўрин);
- Самарқанд давлат университети қошидаги академик лицей спорт зали (480 ўрин);
- Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби (баскетбол) зали (600 ўрин;
- Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби (қўл тўпи) зали (360 ўрин);
- Самарқанд давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети спорт зали (960 ўрин);
- Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби (бадминтон) зали (300 ўрин);
- Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби (гимнастика) зали (210 ўрин).
Абитуриентлар учун тест имтиҳонлари бўладиган биноларда салқинлатиш учун кондиционерлар, 0,5 ҳажмдаги ичимлик сувлари ва кўк шарикли ручка билан таъминланади.
Шунингдек, ота-оналар учун ҳар бир бинода кутиш заллари ташкил қилинади ва унда абитуриентларни онлайн кузатиб бориш учун катта экранлар ўрнатилади. Бундан ташқари, истовчилар тест жараёнларини test.2026.uz сайти орқали кузатиб боришлари мумкин.
 
Фуқароларимиз хорижда яшаб ҳам Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топширса бўладими?
- Ўзбекистон фуқаролари хорижда яшаб ҳам ҳужжат топширса бўлади. Аммо тест синовлари офлайн шаклда ўтказилганлиги учун ўзига қулай вилоятни танлаб, Ўзбекистонга келиб тест топширишлари мумкин. Бунда олий таълим ташкилотларига қабул жараёни Агентликнинг my.uzbmb.uz сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали икки босқичда амалга оширилади.

Воҳид СИРЛИБОЕВ,
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи.