Самарқандда ФҲДЁ архивларидаги далолатнома ёзувлари 100 фоиз рақамлаштирилди
Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Адлия вазирлигига 2021 йилнинг 1 январига қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базалари шакллантирилишини таъминлаш вазифаси топширилган эди. Шунингдек, вазирлик ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига 2020 йил 1 сентябрга қадар ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатларнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун зарур бўладиган қўшимча ходимларни вақтинча ишга жалб этиш ва уларни жойлаштириш чораларини кўриш вазифаси юклатилганди.
Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан рақамлаштириш ишларини муддатидан олдин якунлаш бўйича 250 га яқин шахслар муайян муддатга шартнома асосида ишга жалб қилинди. Улар янги замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланди ва барча ФҲДЁ бўлимлари оптик толали алоқа тармоқларига уланди.
Маълум қилишларича, бугунги кунда вилоятдаги барча туман (шаҳар) ФҲДЁ архивларида мавжуд бўлган 6,5 миллиондан ортиқ далолатнома ёзувлари тўлиқ рақамлаштирилиб, электрон тизимга киритилди.