Чорвачилик учун хорижий сармоя маҳсулот ўсишига эришилади(ми?)
Франция Тараққиёт агентлигининг (AFD) лойиҳаси доирасида чорвачилик йўналишида 100 минг еврогача (сўм эквивалентида) кредит олган тадбиркорларга лойиҳа ишга тушгандан сўнг кредитнинг 40 фоизигача бўлган қисми грант сифатида қайтариб берилади.
Лойиҳа доирасида кредитлар 10 йилгача бўлган узоқ муддатга (3 йиллик имтиёзли давр билан) ажратилмоқда. Бу тадбиркорларни валюта хатарларидан ҳимоя қилади ва бизнесини барқарор режалаштириш имконини беради.
Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция Тараққиёт агентлиги (AFD) ҳамкорлигидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган медиа-турда ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган.
Умумий қиймати 147,1 миллион еврони ташкил этувчи ушбу стратегик лойиҳа 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, чорвачилик соҳасига хорижий технологияларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига мослашган “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ушбу лойиҳа чорва моллари сонини кўпайтириш, иқлим ўзгаришига мослашган, ресурс тежовчи ва юқори даромадли чорвачилик моделини яратишга хизмат қилади. 40 фоизлик грант эса тадбиркорлар учун катта молиявий рағбат бўлади. Кредит линиясининг 70 фоизи иқлимга салбий таъсир кўрсатмайдиган “яшил” инвестициялар учун йўналтирилади. Грант маблағи сут ва гўштни қайта ишлаш, озуқа еми ишлаб чиқариш ва интенсив балиқчилик, замонавий чорва иншоотлари қурилиши, паррандачилик ва асаларичилик, қуёш панеллари ўрнатиш ва томчилаб суғориш тизимлари, қишлоқ хўжалиги техникалари ва қўшимча агрегатлар харид қилишга қаратилган.
- Франция Тараққиёт агентлиги лойиҳаси доирасида “Ҳамкорбанк” билан ҳамкорликда 2025 йилда 7 йилга 18 ой имтиёзли давр билан 2 миллиард сўм кредит олиб балиқ етиштиришни йўлга қўйдик, - дейди Самарқанд туманидаги "CMT-SPEKTR-YOIM" МЧЖ раҳбари Ўктам Мамиров. – Биринчи йилда бироз тажриба камлиги ва дарё сатҳи сунъий ҳовузимиздан 2,5 метр пастда жойлашганлиги ҳисобига ҳовузда доимий сув сақлашда бирмунча қийинчиликлар кузатилди. Бундан ташқари, ўтган йили сув танқислиги анча кучли бўлди. Шундай бўлса-да, 10 тоннадан ортиқ балиқ маҳсулоти етиштириб, ички бозорга сотдик. Бу йил яна қўшимча учта ҳовузда “Фарел”, “Африка лаққаси” ва бошқа турдаги балиқ боқишни ташкил этиб, маҳсулот ҳажмини 70-80 тоннага етказмоқчимиз. Бунинг учун етарли тажриба тўпладик ва имкониятимиз ҳам ошди.
Ўктам Худойбердиев.