Ўзбекистон фуқароси чет элда вафот этса, унинг ўлими қандай тартибда қайд қилинади?
Ўлимни қайд этиш марҳумнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ва яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти ФХДЁга мурожаат этиши мумкин. Бунда ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши кифоя.
Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади. Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган жой ва сана кўрсатилган хабарнома юборади.
Ўлимни қайд этишда марҳумнинг ҳомийсиз қолган вояга етмаган болалари борлиги маълум бўлса, у ҳолда консул шу куннинг ўзидаёқ бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар беради. Ўлим қайд этилгандан кейин марҳумнинг ҳужжатлари дипломатик почта орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади. Бунда марҳумнинг бекор қилинган паспорти кейинчалик қонунчиликда белгиланган тартибда йўқ қилиш учун Ички ишлар вазирлигига жўнатилади.
Марҳумнинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг йўқлиги ўлимни қайд этиш учун тўсиқ бўла олмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабардор қилинади.
Мадина Ваҳобова,
Пайариқ туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси.