ФҲДЁ бўлимлари: ўзгаришлар нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ФҲДЁ органлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфига ўтказилган бўлса-да, уларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган.

Бу билан аҳолига тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Тиббиёт муассасалари билан электрон тизим йўлга қўйилиб, туғруқхонада бола туғилса, электрон равишда ФҲДЁ бўлимига она ва бола ҳақидаги маълумотлар келиб тушади. Вафот этган шахслар ҳақидаги тиббий маълумотлар тиббиёт муассасалари томонидан электрон равишда юборилади.

ФҲДЁ бўлимларида ундирилаётган тўловлар учун автоматлаштирилган «Биллинг» тизими жорий этилди. Мазкур тизим маблағлар ҳам расмий банк ҳисоб рақамларига тушиб, ортиқча тўловларнинг олдини олишга хизмат қилади, яъни, пул тушумлари билан боғлиқ манипуляциялар юзага келмайди, шаффофлик таъминланади.

Шунингдек, фуқаролар учун электрон ва онлайн қабуллар ташкил этилди (илгари фуқаро ярим кун, ҳаттоки бир кун кутиш ҳоллари бўлган.)

ФҲДЁ бўлимида барча турдаги аризалар ходим томонидан туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги гербли гувоҳномалар ҳам электрон тўлдирилмоқда. Барча турдаги далолатнома ёзувлари “ФҲДЁ Ягона электрон дастури” ахборот тизимига киритилади. Республиканинг ФҲДЁ бўлимлари, вилоят ФҲДЁ архивларидан туғилганлиги қайд этилмаганлиги, никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотларни (71-шакл) экстерриториал тартибда давлат хизматлари марказлари орқали олиш тартиби жорий қилинди.

Никоҳ ва ажралганлик ҳақида архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилди

Вилоятимизда мавжуд 5 миллион 937 минг 150 та далолатнома ёзувларининг 4 миллион 814 мингдан ортиғи рақамлаштирилиб, «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилди.

Никоҳ ва никоҳдан ажралганлик ҳақида архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилгани боис, ушбу маълумотларни онлайн тарзда олиш имконияти пайдо бўлди.

1 сентябрдан битта тугма орқали 6 та ҳаракат амалга оширилади. Масалан, боланинг туғилишини қайд этмоқчи бўлсангиз бирдан тиббиёт муассасасадан туғилганлик ҳақида тиббий маълумотнома олиш, бола туғилишини қайд этиш, болалар поликлиникасида болани рўйхатга қўйиш, бир марталик бола нафақасини тайинлаш, яшаш жойи бўйича болани рўйхатга қўйиш ва болани болалар боғчасига қўйиш мумкин.

ФҲДЁ бўлим мудири бўлим бошлиғига айланади

ФҲДЁ архивларидаги архивариус лавозимлари 1- ва 2-тоифали инспектор лавозимларига ўзгартирилиб, ходимларнинг ойлик иш ҳақи оширилади. Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимларини малакали кадрлар билан таъминлаш ва ходимларни аттестациядан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

ФҲДЁ органлари ходимларининг мартаба даражаси ва кўп йиллик хизмати учун устамалар миқдори оширилиб, адлия органлари ходимларига тўланадиган устамаларга тенглаштирилади. Ушбу бўлимларнинг туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфида бўлган даври мартаба даражаси бериш ва устамаларни тўлаш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитларига кўра, агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлим бошлиғига тенг­лаштирилади. Шунингдек, 1-тоифали инспектор – бош мутахассисга, 2-тоифали инс­пектор – етакчи мутахассисга тенглаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Нодира МИРМУҲАМЕДОВА,

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасининг бош маслаҳатчиси.