Самарқандда буюк алломалар мероси тикланмоқда

Ўзбекистон азалдан илм-маърифат, маданият ва маънавият ўчоғи бўлиб келган. Бу муқаддас заминда дунё илм-фанига улкан ҳисса қўшган, динимизнинг энг забардаст уламолари, файласуф ва муҳаддислари етишиб чиққан.

Жумладан, Самарқанд нафақат юртимизнинг, балки бутун ислом оламининг маънавий марказларидан бири ҳисобланган. Бу ҳақда буюк саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида шундай ёзган: “Самарқанд эли тамом сунний ва пок мазҳаб ва муташарри ва мутадаййин (шариатли, динли ва диёнатли) элдур. Ҳазрати рисолат (Муҳаммад алайҳиссалом) замонидан бери, ул миқдор аиммаи исломким (ислом имомлариким), Мовароуннаҳрда пайдо бўлубдир, ҳеч вилоятдин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмиш бўлғай”.

Дарҳақиқат, Бобур Мирзо минг карра ҳақдир. Чунки Самарқанд заминида Имом Бухорий, Доромий, Мотуридий, Марғиноний, Растуғфоний, Абу Лайсий, Али Суғдий, Насафий, Паздавий, Савғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор Вали, Махдуми Аъзам Даҳбедий каби алломалар илм ва маърифатнинг чўққисида турган. Биргина «Чокардиза» қабристонида Ислом оламида муҳим ўрин эгаллаган тўрт мингдан зиёд олиму муҳаддислар дафн этилгани бу маскан мусулмон оламида энг табаррук қабристонлардан бири бўлганини кўрсатади. Қабристонга IХ асрдан бошлаб дафн қилиш бошланган бўлиб, 2000 йилда бу ердан калом илмининг асосчиси, буюк мутафаккир Имом Мотуридий қабри аниқланган.

Бу йил юртимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу ҳақдаги қарори билан Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳамда улуғ аллома ва уламолар меросини ўрганиш мақсадида “Чокардиза” қабристони ҳудудида археологик тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд археология институти олимлари томонидан олиб борилаётган қазишма ишлари давомида буюк фақиҳ, ислом ҳуқуқшунослигининг мукаммал асари ҳисобланган “Ҳидоя” китоби муаллифи Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланди. Қабр жойи тарихий манбалар асосида 3х3 метр аниқликда топилди. Энди аллома номини абадийлаштириш мақсадида бу ерда мақбара қурилади. Шу билан бирга, аллома қаламига мансуб “Ҳидоя” асарининг энг қадимий нусхалари ҳам чоп этишга тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу қабристондан буюк алломалар Имом Абулқосим ал-Ҳаким, Имом Киндий ва Имом Насафий, Имом Саммосий, Амир Темурнинг Машҳаддан келтирган Сайидлар даҳмаси ва дафн этилган жойлари аниқланиб, уларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида эса Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзам Даҳбедий хонақоҳида йирик қурилиш-таъмирлаш ва археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тарихчи-манбашунос олимлар томонидан машҳур муршид ва шоир Файзий-Намангонийнинг даҳмаси, Абул Баракот Муҳаммад Амин-Пири Дастгири Даҳбедий (бу зот Бухоро подшоҳи Амир Ҳайдарнинг пири эди) дафн этилган жой, Аълия-Нақшбандия тариқатининг машҳур муршидлари Халифа Муҳаммад Сиддиқ, Халифа Абдусаттор, Халифа Маллахожаларнинг ҳам қабр жойлари топилиб, обод қилинмоқда. Шунингдек, Даҳбед хонақоҳи тўғрисидаги қадимий асарлар нусхалари Ҳиндистон, Покистон ва Саудия Арабистони архивларидан топилиб, чоп этишга тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Тойлоқ туманида муҳаддислар султони, Имом Бухорийнинг устози бўлган буюк аллома Имом Доромий қабри, хонақоҳлари, масжид ва мадрасалари ҳам тикланмоқда.

Самарқандда амалга оширилаётган бу ишлар қадриятларимиз, муқаддас қадамжоларимиз, ота-боболаримиз қолдирган бебаҳо мерос, маънавият ва илм масканларининг тикланаётгани миллатимиз ғурури ва келажак авлод учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади ва юртимиз тарихига бўлган муҳаббатни янада кучайтиради.

Комилхон КАТТАЕВ,

тарихчи-манбашунос.