Дунё мотуридийшунослари Самарқанд зиёратида

Самарқандда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган анжуманда дунёнинг ўттизга яқин давлатидан муфтийлар, исломшунос ва диншунос олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари иштирок этмоқда.

Конференциянинг илк кунида иштирокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, улуғ алломаларга бешик бўлган қадим шаҳар тарихи билан танишдилар.

– Самарқанд зиёрати давомида Имом Мотуридий мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Регистон майдонида бўлдик, - дейди Малайзия Исломни англаш институти директори ўринбосари, профессор Моҳд Юсуф Усмон. – Ушбу қадамжоларда бўлиб шуни англадимки, Самарқандга саёҳат қилган киши учта таассуротга эга бўлади. Биринчиси – бу жисмоний таассурот, яъни кўзи билан кўрган тарихий обидалар маҳобатини ҳис қилади. Улардан завқ олади. Иккинчиси – маънавий таассурот. Бунда азалдан ўзбек халқининг маънавий дунёси бой бўлганлиги, илм-маърифат нечоғлик улуғланганлигини англайди. Бетакрор санъат намуналаридан баҳра олиб, маънавий дунёси бойийди. Учинчи таассурот – илмий таассурот. Буни англаш бироз мушкул бўлса-да, лекин тарихнинг ўчмас илдизига айланган муқаддас қадамжоларга муҳрланган бебаҳо маълумотлар мозийни кўз олдингизда гавдалантиради. Шундай экан, нима учун бу манзил макон сайёҳлик марказига айланмаслиги керак?! Ўйлайманки, Самарқанднинг туристик салоҳияти йил сайин ортиб, бундан-да ривожланади.

Мотуридийшунос олим, Анқара университети профессори, доктор Сўнмез Кутлу ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, улуғ алломани ўрганишнинг бугунги кундаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.

– Имом Мотуридий ҳазратлари қадамжосини зиёрат қилганимиз бизга ўзгача руҳий куч бағишлади, – дейди  доктор Сўнмез Кутлу. – Бу заминнинг нечоғлик буюклиги тарихдан барчага маълум. Бугун диққатга сазовор жойларда бўлиб, бутун дунё аҳли бу ерга талпинаётганлиги гувоҳи бўлдик. Нега? Чунки, бу ерда шундай улуғ зотлар туғилиб, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшганки, буни дунё эътироф этади. Шундай зотлардан бири аллома Имом Мотуридийдир. Мотуридий Ислом дунёсининг энг улуғ зотларидан бири. У узоқ умр кўриб, бизга Исломни тўғри англашимиз учун кўплаб асарлар қолдирдики, бугун ҳам ушбу асарлар ўз қимматини йўқотмаган ва улар ҳамон асосий ўқув қўлланмалар ҳисобланади. Хусусан, Абу Мансур Мотуридийнинг "Таъвилот ал-Қуръон" асарини алоҳида қайд этиб ўтишим лозим. Ушбу асар Қуръоннинг бошдан охиригача тўлиқ тафсири ҳисобланиб, ҳорзиргача бу даражада батафсил, тўлиқ шарҳланган ундан бошқа асар ёзилмаган.

Мотуридийнинг таълимотини ўрганиш ислом олами учун жуда зарур деб ҳисоблайман. Чунки дунёни англаш, унда тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг ягона йўли илм-маърифат эканлиги ул зотнинг асарлари мазмун-моҳиятини ташкил қилади. Аллома шундай ёзади: “Агар маҳалладан бир толиби илм чиқса, уни бутун маҳалла қўллаб-қувватласин, чунки у эртага бутун маҳаллани ўқимишли қилиши мумкин”. Ҳақиқатда ҳам шундай жамиятда ўқимишли авлод кўпайса уни бошқариш ҳам, мамлакатни ривожлантириш ҳам осон кечади. Ислом дунёсида шундай ибора бор: Қуръон Маккада нозил бўлди, Қоҳирада ўқилди, Истанбулда ёзилди, Самарқандда унинг моҳияти англаб етилди. Буни Мотуридий амалга оширди. Яъни, Ислом дининг асл моҳияти нималигини улуғ алломамиз ўз асарлари орқали оммага тушунтириб, асл талқин моҳиятини англаб етишимизга замин яратди. Шу боис, бугун бутун дунё исломшунослари алломанинг шахсияти, таълимотини ўрганиб, тадқиқотлар давомида тўпланган янгиликларни кенг тарғиб қилиш билан Мотуридийнинг оммалашишига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз. Бу йўлда бизни қўллаб-қувватлаётган, шароит яратаётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам миннатдорлик билдираман.