Депутат сўрови мутасаддилар томонидан жойида ўрганилди
Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Дониёр” ва “Оби Раҳмат” маҳалла фуқаролар йиғинлари бирлашиб, Хўжа Дониёр маҳалласи ташкил қилингандан кейин фаоллар ободонлаштириш ҳамда аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриевга мурожаат қилган.
Б.Насриев мурожаатда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш тўғрисида Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаровга депутатлик сўрови чиқарган эди. Шаҳар ҳокими сўровга асосан Хўжа Дониёр маҳалласига бориб, муаммоларни депутат ва маҳаллла фаоллари билан ўрганди.
Ўрганиш жараёнида маҳалладаги Оби Раҳмат кўчасида бўш турган ерда тадбиркорлар ва фуқаролар кўмагида замонавий стадион ва дам олиш маскани, яъни боғ қуришга келишилди.
“Хўжапирмайдон” қабристони ҳамда қабристон қаршисида жойлашган девор оралиғидаги йўл тор бўлиб, транспорт воситалари ўтишига ноқулайлик яратаётгани, оқибатда кўплаб йўл-транспорти билан боғлиқ салбий ҳодисалар юзага келаётгани фаоллар билан учрашувда маҳалла тадбиркорлари йўлни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш таклифига рози бўлди.
Шаҳар ҳокими Ф.Умаров муаммо юзасидан тегишли ташкилотлар фикрини олиб, зарур ҳужжатлаштириш ишларни ташкил қилиб берадиган бўлди.
Ҳудудида жойлашган собиқ 3-сон оилавий поликлиника филиалини қайта тиклаш масаласи Самарқанд шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Ахмаджон Бобожонов билан бирга ўрганилди.
Ўрганиш давомида маҳалланинг Оби Раҳмат кўчасида яшовчи фуқаро Ботур Набиев ўз маблағи ҳисобидан бино қуриб, маҳалла ихтиёрига бергани, маҳалла фуқаролар йиғини ушбу бинони 3-сон оилавий поликлиника ҳамда “Нуронийлар маскани”га бергани, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаганлиги сабабли газ, электр ва сув тармоқларига уланмаганлиги маълум бўлди.
Кекса отахон ва онахонларга қулайлик бўлиши учун бино маҳалла балансига олиниши ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими томонидан соҳа мутахассислари ажратилишига келишиб олинди.
ЎзХДП вилояти Кенгаши ахборот хизмати.