Кўчалар таъмирланмоқда, нурчилар ва сувчилардан садо йўқ
Сайлов округимдаги Ғафур Ғулом маҳалласидаги Абу Бакр Наршахий, Тамхид, Хўжа Муйин Фархунда, Олмалиқ, Ғафур Ғулом кўчалари, Хўжа Абду Дарун маҳалласидаги М.Ражабов, Беруний кўчаси 1 ва 2-тор кўчаларидаги йўллар яроқсиз ҳолга келган. Бу муаммо тегишли ташкилотлар билан ўрганилиб, манзилли дастурга киритилди. Олиб борилаётган ишлар бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.
Ҳудуддаги маҳалларда Самарқанд шаҳар Кенгашининг 5-сессиясида берилган топшириқлар асосида маҳалла фаоллари билан ҳудуддаги камбағал оилаларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларда меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини иш билан таъминлаш масаласини кўриб чиқяпмиз.
Округдаги 8 та маҳаллада 166 камбағал оила бор. Бугунгача 24 киши жамоатчилик ишига, 9 нафари дурадгорлик, 4 нафари курьер, 12 нафари тикувчилик, 2 нафари Самарқанд “SAG” корхонасига, 1 нафар фуқаро вилоят онкология шифохонасига ишга жойлаштирилди. “Sam Sity”да ишлаш истагини билдирган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, 8 нафар фуқарога банк кредитлари ажратилиб, тикув машинаси, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш печи, нусха кўчириш аппарати, парранда ва қўй олиб берилди.
Сайловчиларни ўйлантираётган муҳим муаммоларни ҳал қилиш мақсадида турли ташкилотларга 18 та депутатлик сўрови йўлладим. Жумладан, шаҳардаги Хўжа Абду Дарун маҳалласига қарашли Беруний кўчасида, Садриддин Айний маҳалласидаги Абдулла Тўқай кўчасининг 300 метр қисмида канализация ўтказиш керак. Чашма маҳалласидаги Хўжа Дониёрбек кўчасидаги 350 метр сув трубаси яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли ичимлик суви муаммога айланган. Садриддин Айний, Қўшчинор, Абдулла Қаҳҳор маҳаллаларидаги бир қатор кўчаларда ирригация тармоқлари талабга жавоб бермаслиги сабабли кучли сел ва ёғингарчилик вақтида сув тошқинлари юзага келиб, аҳоли хонадонларига зарар етяпти. Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида шаҳар ҳокими, 2-сектор раҳбари, шаҳар ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўровлари йўлладим. Қайд этилган масалалар юзасидан зарур ишлар олиб бориляпти.
Бундан ташқари, жорий йилнинг март-май ойларида бўлган кучли сел ва ёғингарчилик оқибатида округ ҳудудидаги Садриддин Айний, Қўшчинор маҳаллаларида истиқомат қиладиган 20 дан ортиқ аҳоли хонадонлари зарар кўрди. Баъзи хонадонлар ўта яроқсиз аҳволга келди. Тегишли мурожаат асосида ушбу хонадонларни таъмирлаш, керакли қурилиш материаллари билан таъминлаш шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилишига эришдик.
Аммо айрим ташкилотлардан депутатлик сўровларига жавоб ололмай хуноб бўлмоқдамиз. Мисол учун, март ойида Халфа Иброҳим, Ғофур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор маҳаллаларидаги симёғочларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шаҳар электр тармоқлари корхонасига бир неча маротаба депутатлик сўрови юбордим. Аммо ҳали-ҳануз жавоб қайтарилмади.
Февраль ойида Чашма маҳалла фуқаролари йиғинига қарашли Хўжа Дониёрбек кўчасидаги ичимлик суви қувури муаммоси юзасидан “Сувоқава” ДУК Самарқанд шаҳар филиалига юборилган депутатлик сўровига носозлик апрель-май ойида тўлиқ бартараф этилиши маълум қилинди. Аммо мана июнь ойи ҳам яримлаб қолдики, муаммо муаммолигича қолмоқда.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.