“Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ раҳбари ва вилоят ХТБ бошлиғи депутат сўровига жавоб қайтармагани учун мулзам бўлди

Негаки, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун бўлиб ўтган сессиясида турли саволлардан ташқари, депутатлик сўровларига жавоб қайтарилмаётганлиги танқид остига олинди.

Хусусан, 1-Боғибаланд сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриевнинг таъкидлашича, Самарқанд шаҳридаги Зарафшон маҳалласи аҳли ҳудуддаги сув минорасини таъмирлаш ва янгилаш учун барча зарур жиҳозларни келтирган.

Аммо зарур ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатнома ва малакали мутахассислар зарур бўлмоқда. Бу борада депутат сўрови йўллаган Б.Насриев қонунда белгиланган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, жавоб олмаётганлигини билдирди.

Нима учун жавоб қатармаганига тўхталиб ўтирмаган “Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ раҳбари К.Юсупов масалани жойида бориб ўрганиш ва сув минорасини қуриш, керак бўлса, қуриб берилишини ваъда қилди.

Сессияда шунингдек, 52-Тойлоқ сайлов округидан депутат Лола Рустамова вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмоновга январ ойида юборган депутат сўровига жавоб берилмаётгани сабабини сўради.

Депутат сўровида қайд қилинишича, Тойлоқ тумани Нурли йўл маҳалласидаги 17-мактаб биноси 2012 йилда қурилган. Қуввати 240 ўринли таълим масканида 4 та фан кабинети, 4 та ўқув хона мавжуд. Ҳозирги кунда 17 та синфда 393 нафар ўқувчи ўқийди.

Спорт зали, кутубхона йўқ. Шу боис мактабда қўшимча бино ва спорт зали қурилиши учун дастурга киритилишида амалий ёрдам сўралган.

Халқ таълими бошқармаси бошлиғи бундай мазмундаги депутат сўровидан хабари йўқлигини билдирди.

Хулосани, охирги гапни Кенгаш раиси айтди.

- Кенгаш котибияти томонидан ҳар бир депутатлик сўрови назоратга олиниб, унинг ижросини таъминлаш шарт, - деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Кенгаш, унинг депутатлари билан муносабатни энди тубдан ўзгартириш керак.