Одил судлов сари "йўл" қисқаради
Судга мурожаат қилиш — инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш йўлидаги энг муҳим ҳуқуқий имкониятлардан биридир. Бироқ оддий фуқаро ёки тадбиркор учун судга етиб бориш, ариза тайёрлаш, иш қайси судга тегишли эканини аниқлаш, суд ҳужжатларидан хабардор бўлиш ёки қарордан норози бўлса, уни қайта кўриб чиқтириш ҳар доим ҳам осон кечмайди.
Шу нуқтаи назардан, Президент фармони билан белгиланган “Одил судлов – 2030” стратегияси фақат суд тизимини ички жиҳатдан ислоҳ қилиш эмас, балки фуқаронинг адолатга етиб бориш йўлини соддалаштиришга қаратилган муҳим қадамдир. Фармонда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни суд орқали ҳимоя қилишни янги босқичга кўтариш, суд процессига замонавий ҳуқуқий механизмларни жорий этиш мақсади белгиланган.
Фармонда 2030 йилга қадар суд биноларининг кириш қисмида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини босқичма-босқич йўлга қўйиш таклифи маъқулланган.
Ушбу офислар аҳолига зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий ёрдам кўрсатиш сингари вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
Фармонда иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг вақти ҳамда харажатларини тежаш мақсадида 2028 йил 1 январдан “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилиши белгиланган. Унга кўра, судья ишларни кўриш жараёнида жузъий формал камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш мажбуриятига эга бўлади.
Тадбиркор учун суддаги ҳар бир кун муҳим. Низо чўзилса, шартнома ижроси тўхтайди, маблағ айланмаси секинлашади, ишонч сусаяди. Шу боис иқтисодий ишларда суднинг проактив роли низони тезроқ ва самаралироқ ҳал қилишга хизмат қилади.
Проактив бошқарув дегани судья тарафлар ўрнига иш юритади дегани эмас. Бу — судья ишни ортиқча формал тўсиқларсиз, аниқ, мақсадли ва самарали бошқаради, дегани. Натижада тадбиркорлик муҳити учун ҳам ҳуқуқий барқарорлик ошади.
Одил судловга эришиш фақат суд залида бошланмайди. Айниқса, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқлари дастлабки босқичда — ушлаш, гумон қилиш, айблов эълон қилиш, процессуал мажбурлов чораларини қўллаш пайтидаёқ жиддий таъсир остида бўлади.
Фармонда 2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясига процессуал мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ваколатлари берилиши назарда тутилган.
Фармонда 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти — “Прецедентлар” реестрини жорий этиш белгиланган. Шунингдек, ягона суд амалиётини шакллантириш жараёнига илмий доиралар, малакали мутахассислар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилиш мақсадида экспертлар кенгашлари ташкил этилади.
Бу тадбирлар суд қарорларининг олдиндан тахмин қилиниши мумкин бўлган, барқарор ва асосли амалиётга таянишини кучайтиради. Адвокатлар, тадбиркорлар ва фуқаролар учун ҳам бу муҳим: улар ўз низоси бўйича амалиёт қандай эканини кўриб, ҳуқуқий позициясини аниқроқ шакллантира олади.
Фармонда 2027 йил якунига қадар одил судлов сифатини баҳолаш индикаторлари тизимини ишлаб чиқиш ва ҳар йили Ўзбекистонда одил судлов сифати индексини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритиш белгиланган.
Бу ҳам муҳим янгилик. Чунки ислоҳот натижасини фақат умумий гаплар билан эмас, аниқ мезонлар билан баҳолаш керак. Судга мурожаат қилиш қанчалик осонлашди? Ишлар қанчалик тез кўрилмоқда? Қарорлар сифати қандай? Юқори инстанцияда бекор қилинаётган қарорлар улуши қандай? Фуқаролар суд хизматидан қай даражада қониқмоқда?
Шундай саволларга жавоб берадиган индекс суд тизими фаолиятини очиқ баҳолаш имкониятини яратади.
Фармондаги одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга оид чораларнинг асосий ғояси шундай: инсон судга мослашмаслиги, аксинча, суд тизими инсон эҳтиёжига мослашиши керак.
Бу янги ёндашув бир нечта амалий йўналишда намоён бўлади: биринчидан, чекка ҳудудларда суд ҳимояси яқинлашади. Иккинчидан, суд биноларида “ягона дарча” фуқарога биринчи қадамдаёқ ёрдам беради. Учинчидан, my.sud.uz ва мобил илова орқали рақамли мурожаат имкониятлари кенгаяди. Тўртинчидан, ариза нотўғри судга берилса, фуқаро қайтарилмайди, ариза тегишли судга ўтказилади. Бешинчидан, формал хатолар сабаб иш тўхтаб қолмасдан, суд кўмагида бартараф этилади. Олтинчидан, суд қарорларини қайта кўриб чиқишда холислик ва самарадорлик ошади. Еттинчидан, суд амалиёти очиқланиб, ҳуқуқий аниқлик кучаяди.
“Одил судлов – 2030” стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ чоралар суд тизимини фуқарога яқинлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бузилган ҳуқуқларни ўз вақтида тиклаш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Эндиликда судга мурожаат қилиш йўлидаги асосий тўсиқлар - масофа, формал хатолар, маълумот етишмаслиги, рақамли хизматлардан фойдаланишдаги қийинчиликлар ва қайта кўришдаги холисликка оид шубҳалар босқичма-босқич бартараф этилиши кўзда тутилмоқда.
Адолат фақат қонунларда ёзилган ҳуқуқ эмас. Адолат - фуқаро унга етиб бора олгандагина ҳақиқий кучга эга бўлади. Шу маънода мазкур Стратегиянинг энг муҳим вазифаси суд тизимини инсонга яқин, мурожаатни осон, қарорни асосли, жараённи шаффоф ва ҳимояни ишончли қилишдир.
Зеро, одил судловга етишиш имконияти кенгайган жамиятда инсон ҳуқуқи қоғозда эмас, ҳаётда ҳимоя қилинади.
Ислом Ҳамроқулов,
Самарқанд туманлараро иқтисодий судининг раиси.