Сув минораси таъмирланмоқда

Zarnews.uz телеграм каналининг бугун, 30 июнь куни эълон қилинган "Мақсад танқид эмас, масъулиятни эслатиш...." сарлавҳали танқидий мақолада Пайариқ туманидаги Тараққиёт ҳамда Хоса маҳаллалари ҳудудида жойлашган ичимлик сув минораларидаги ёриқлар юзасидан асосли фикрлар билдирилган эди.

Ушбу ҳолат бўйича "Самарқанд сув таъминоти" акциядорлик жамияти муносабат билдирди.

"Маълум бўлишича, жамиятимизнинг Пайариқ тумани филиалига қарашли бу сув минораларида қилинган таъмирлаш ишларига қарамай, уларнинг айрим жойларда яна ёриқлар пайдо бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиб, таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Шу билан бирга, ичимлик сувининг исроф бўлишининг олдини олишга қаратилган қўшимча назорат ва техник тадбирлар кучайтирилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича топшириқлар ижроси таъминланмоқда.

Юзага келаётган техник носозликлар бўйича мунтазам равишда профилактик текширувлар олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, бундай ҳолатлар бўлиб туриши мумкинлиги, аммо уларни имкон қадар тезкорлик билан бартараф этиш учун барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётганини маълум қиламиз", дейилади хабарда.

Шунингдек, "Самарқанд сув таъминоти" АЖ Пайариқ туман филиали масъул ходимлари аҳолига сифатли ва хавфсиз ичимлик сувини етказиб бериш йўлида ўз фаолиятини қатъият билан давом эттиришини билдирган.