Самарқанд вилоятида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида 264 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилди.
Унга кўра, 2021 йил июль ойининг ўтган 15 кунлигида 649 марта назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 264 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 176 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 400 та огоҳлантиришлар берилди, 79 та ҳолат бўйича ёзма кўрсатмалар берилган бўлса, 9 та ҳолат юзасидан тақдимнома киритилди.
Ушбу тақдимномаларга асосан, 2 нафар фуқарога нисбатан интизомий жазо чораси белгиланди. Инспекция органлари томонидан 161 та ҳолатда ваколат доирасида маъмурий ишлар бўйича қарорлар қабул қилинди, 15 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар, қонуний қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, 15 та ҳолатда судларга юборилди.
Хусусан, Инспекциянинг Иштихон тумани бўлими томонидан ўтказилган 111 назорат тадбирларининг 54 тасида, Ургут туманида 69 та назорат тадбирларининг 47 тасида, Нарпай туманида 33 тадан 23 тасида ҳамда Паст Дарғом туманида 38 та назорат тадбирларининг 17 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаслик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишда транспортдан фойдаланиш ва бошқариш юзасидан белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан, жазо чораси белгиланган.